11 инсоннинг ўлимига сабаб бўлган Сурхондарёдаги портлаш айбдорларига суд ҳукми ўқилгани маълум қилинди
Хабарингиз бор, 2021 йил 7 декабрь куни Сурхондарёнинг Денов туманидаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлган эди. Мазкур портлаш айбдорларига 2022 йил 28 апрель куни ҳукм ўқилган. Бу ҳақда «darakchi.uz» га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали Денов шаҳри газ таъминоти бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Б.Қ. Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисмининг «а» банди (Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 207-моддаси 3-қисми «а» банди (Мансабга совуққонлик билан қараш оқибатида одам ўлишига сабаб бўлиш) билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан 3 йилу 7 ой 11 кун озодликдан чеклаш жазоси тайинланган, соат 22:00 дан соат 06:00 гача яшаш жойидан чиқиши чекланган.
«Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали қурилиш ва монтаж бошқармаси электргазпайвандчи вазифасида ишлаган Н.У. Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а», «б» бандлари (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одамлар ўлимига ва бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлиши) ва 214-моддаси 3-қисми «в» банди (Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши – бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб) билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
«Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали «Деновшаҳаргаз» бўлими газ тақсимлаш пунктлари бўйича чилангари А.Н. Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а», «б» бандлари 214-моддаси 3-қисми «в» банди билан айбли деб топилган. Унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Айбланувчилар истеъмолчиларни «Giper Market Indenim» МЧЖ фойдаланувдаги савдо маркази биноси остидан ётқизилган, яроқсиз ҳолга келиб қолган ва фойдаланишдан чиқарилган 50 миллиметр ҳажмдаги газ қувурини тегишли қоидаларга кўра яроқлилиги, мустаҳкамлиги ва босимга бардошлилигини текширмасдан, ўз касбига нисбатан бепарволик ва инсофсизларча муносабатда бўлган ҳолда Денов ариғи ёнидан ўтган, 1,3 кг/см2 босимли, ҳаракатдаги 76 миллиметр диаметрли газ қувурига улаб қўйган. Оқибатда савдо маркази биноси остидаги фойдаланишдан чиқарилган ва яроқсиз қувурдаги ёриқлардан сизиб чиққан жуда кўп миқдордаги табиий газ бино ичига тўпланиб, кучли портлаш юз берган. Натижада 11 нафар одам ҳалок бўлган.