Ер усти метро поездларининг ҳаракат тезлиги чекланади. Сабаб нима?
Ёз мавсумининг бошланиши муносабати билан Тошкент шаҳрида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши ва натижада ер усти темир йўлларининг релслари ҳамда уларнинг пўлат қисмларида ҳарорат жуда юқори бўлиб, 70 даражагача исиши мумкин.
Метрополитен матбуот хизматининг хабар беришича, темир йўллардан фойдаланиш қоидаларига кўра, релсларнинг ҳарорати 55 даража иссиқдан ошганда поездлар ҳаракати тезлиги пасайтирилиши, яъни релсларнинг ҳарорати 60 даражагача бўлганда поездларнинг ҳаракат тезлиги 40 км/соатдан, 65 даражагача 25 км/соатдан ошмаслиги, ҳарорат 70 даража ва ундан юқори даражада эса поездлар ҳаракати тақиқланиши белгиланган.
Маълум қилинишича, юқоридагиларни эътиборга олиб, поездлар ҳаракати ва йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, метрополитеннинг Ер усти ҳалқа йўли ва Сергели йўли участкаларида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши кузатилган вақтларда поездлар ҳаракати тезлигининг вақтинча чеклови жорий этилади.