Путин Косовони "Болқондаги вазиятни издан чиқарувчи фитначилик"да айблади
-Афсуски, Косово ҳукумати яқинда вазиятни беқарорлаштирувчи қатор провакацион қадамларни ташлади. Энг аввало мен Косово 14 декабрда қуролли кучлар ташкил этиш тўғрисида эълон қилганини назарда тутаяпман. Бу Косовода ҳар қандай қуролли кучлар ташкил этилишини тақиқловчи БМТ резолюциясига зид келади. Ксовода фақат БМТнинг халқаро кучлари жойлаштирилиши мумкин. Россия Косово раҳбариятининг бу каби масъулиятсиз қарорлари Болқондаги вазиятни издан чиқариши мумкинлигини тушуниб етаётган Сербия ҳукумати ва фуқароларининг ташвишига шерикдир,- деди Путин 17 январь куни Белградда Сербия президенти Александр Вучич билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.
Косово 2008 йилда Сербиядан мустақиллигини эълон қилган эди. Жаҳондаги 110 давлат, жумладан, АҚШ Косово мустақиллигини тан олган. Сербия ва Россия Косово мустақиллигини тан олган эмас.
14 декабрда Косово парламенти миллий армия ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Косовода яшаётган 120 минг нафар этник серблар ва Сербия ҳукумати бу қарорга қарши чиқмоқда.