Руҳий касал одам ёш болани ўлдириб қўйди
1987 йилда Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида туғилган О.Остонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жорий йил 21 январь куни соат 16:00 ларда уйига меҳмон бўлиб келган опаси Ш.Остонованинг ўғли, 2014 йил 4 ноябрда туғилган А.Шоев ётоқхонасига кирганидан жаҳли чиқиб, унинг оёғи ва танасидан кўтариб, боши ва танасини ётоқхона деворига бир неча маротаба урган. Оқибатда вояга етмаган А.Шоев олган тан-жароҳатлари туфайли шу куни шифохонада вафот этган.
Тергов ҳаракатлари давомида судланувчи О.Остонов бир неча бор Хоразм вилояти руҳий-асаб касалликлари диспансерида даволаниб чиққанлиги ва “параноид-шизофрения” ташхиси билан ҳисобда туриши қайд этилган.
Стационар тартибда ўтказилган суд-психиатрия экспертизасининг хулосасига кўра, О.Остонов юқорида қайд этилган ижтимоий хавфли қилмишни содир этган пайтда параноид кўринишидаги шизофрения касаллиги сабабли ўзи содир этган ҳаракатларга баҳо бера олмайдиган ва ўзини ўзи бошқара олмайдиган ҳолатда бўлган.
Шу муносабат билан у кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволашга муҳтож эканлиги кўрсатилган.
2019 йил 13 май куни жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди биносида раислик қилувчи судья С.Тоганов, халқ маслаҳатчилари Ш.Матюсупов ва К.Полвоновадан иборат таркибда ўтказилган суд мажлисида ҳаётга қарши жиноятлар туркумига кирувчи, ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш жиноятини содир этган О.Остоновга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд, экспертиза хулосаларини инобатга олиб, судланувчи О.Остонов ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган деб топиб, унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўллаш ва уни Тошкент Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштириш тўғрисида ажрим қабул қилди.
Суд ҳайъати судланувчи О.Остонов муқаддам бир неча марта Хоразм вилояти руҳий-асаб касалликлари диспансерида даволаниб, “параноид-шизофрения” ташхиси билан ҳисобда турган бўлса-да, у яшаб келган ҳудуднинг профилактика инспектори, участка шифокори ва бошқа масъул шахслар ўзаро ҳамкорлик ўрнатмай, ижтимоий хавфли қилмиш содир бўлиши эҳтимоли юқори эканлигига эътибор қаратмай, тиббий кўрикдан ўтказиш ва керакли тадбирларни амалга оширмаган.
Бу ҳолатда сусткашликка йўл қўйганлиги ҳисобга олиниб, Ҳазорасп тумани тиббиёт бирлашмаси ва Ҳазорасп туман ИИБ раҳбариятига нисбатан хусусий ажрим чиқарилди.
Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди