Добавить новость
World News

Новости сегодня на DirectAdvert

Новости сегодня от Adwile

ШАЙТАНАТ… (23-қисм. Биринчи китоб)

* * *

 

Ҳар бир мамлакатнинг ўзига яраша қонуни, қоидаси бўлади. Фуқаро қонун-қоидаларга итоат этиб яшайди. Худди шунга ўхшаб, биз жиноятчилар деб атовчи оламнинг ҳам ўз қонунлари, тартиб-қоидалари бор. Улар биз жорий этган қонунларни сариқ чақага олишмайди. Шу сабабли уларни таъқиб қиламиз, ҳибсга оламиз, ҳукм чиқарамиз. Дарёга тўғон солингани билан сув орқасига қараб оқмайди, тўлиб-тошиб, йўлида давом этаверади. Агар тўғон заиф ақл билан қўйилган бўлса, тўпланган сув уни бузиб кетади. Ҳайқирган жунун сув тўлқинлари элни анча бесаранжом қилиб қўяди.

Зелихон яшайдиган олам ҳам шунга ўхшайди. Унинг фуқароси кам, аммо қонуни пухта. Уларда «ахлоқ тузатиш колониялари» йўқ. Улар «ахлоқ тузатиш» билан шуғулланишмайди. Уларнинг ҳукми битта — қонунни буздингми, хиёнат қилдингми, биродарингни қутқармадингми, тамом, жонинг билан жавоб бер.

Бу ёзилмаган қонун-қоидаларни сув қилиб ичиб юборган Зелихон қаерда, қандай ҳаракат қилишни, ким билан қандай гаплашишни яхши билади. Қайси ўғрини қаердан топишни, қайси хоним кимга ҳам бошпана, ҳам қучоғидан жой бериши мумкинлиги унга маълум. У «Федяни ўзим топаман», деб бекорга айтмади.

Зелихон Аҳадбейнинг «Запорожетс»идан тушиб, бир йўловчи машинани тўхтатди-да Фарғонага қараб кетди. Тўрт қаватли иморатлар орасига тирсак шаклида тушган бино унга яхши таниш. Иккинчи қаватдаги эшик ўзгарибди. Илгаригисига чиройли чарм қопланган эди. Буниси темирдан бўлибди. Зелихон эшик қўнғироғини уй бекасига таниш бўлган тарзда босди. Қўнғироқнинг иккита қисқа, учта узун жиринглашини эшитган бека эшикни бехавотир очиши мумкин. Кутилгандай бўлди. Эшик аввал қия очилди. Бека таниш одамни кўриб, эшикни каттароқ очди-да, ўзи орқасига чекинди. Зелихон одатига кўра атрофга аланглаб олгач, тезгина ичкари кириб, эшикни ёпди.

— Зеля, яхши келдингми? — Бека шундай деб унга яқинлашди-да, кўкрагига бош қўйди.

— Надуля, ўзинг омонмисан? — деди Зелихон, унинг елкаларини силаб.

Ҳали қирққа кирмаган бу жувон тароватини йўқотмаган, қучоқласа қучоқлагудай, ўпса ўпгудай эди. Зелихон вақтида у билан айшини сурган. Аммо улар орасида муҳаббат, ҳамиша бирга бўлиш туйғуси йўқ эди. Юрак юракка талпинмаган. Зелихон бу тўшакда бир неча соат илгари бошқа эркак ётган бўлиши мумкинлигини биларди. Надя ҳам бу чиройли йигитнинг ҳозиргина бошқа аёл қучоғидан чиқиб келаётган бўлиши мумкинлигини биларди. Дарвин деган зот худди шу тоифа одамларга қараб туриб, «одам маймундан пайдо бўлган», деган назарияни яратган бўлса не ажаб? Булар Оллоҳнинг эмас, балки ҳирснинг бандалари эдилар. Одам боласига Яратган яхши туйғулар ҳам берганини билмас эдилар. Шундай туйғу бўлмагани учун ҳам бир неча йил эмас, бир неча соатгина кўришмаган танишлар сингари омонлашдилар.

Меҳмонхонадаги стол усти душман пайҳон этган қишлоқ манзарасини эслатарди. Бу Зелихонни ажаблантирмади. Чунки у бунда дурустроқ манзарани кўрмаган.

Надя Зелихоннинг рўпарасига ўтириб, икки қўлини жағига тираб, унга тикилди.

— Кўринишинг бинойи. Курорт ёқибди, — деди жилмайиб.

— Сенинг дуоларинг етиб борди, — деди Зелихон ҳам жилмайиб. — Мени соғиниб, ичикиб қолибсан.

— Сени деб ичиксам арзийди.

— Нима иш қиляпсан?

— Ўзинг билган иш.

— Ким билан ишлаяпсан?

— Суварак билан.

— Кунинг шунга қолдими?

Надя «нима қилай бўлмаса?» дегандай елка қисиб қўйди-да:

— Ичасанми? — деб сўради.

— Борми?

— Сенга бор. — Шундай деб ичкари хонага кириб кетиб, дам ўтмай бир шиша ароқ кўтариб қайтди. Зелихон шишани унинг қўлидан олиб, чаққонлик билан очди-да, иккита қадаҳга қуйиб, биттасини аёлга узатди.

— Эсон-омон қайтиб келганинг учун, — Надя шундай деб бир ҳўплаб қўйди.

Зелихон қадаҳни бир кўтаришда бўшатди.

Иккинчи қадаҳдан сўнг аёлнинг ёнига ўтиб, уни қучоқлади.

— Энди эсингга тушдими? — деди Надя нозли ва гинали овозда. Зелихон жавоб бермай, бақбақасига лаб юборди. Унинг назарида Федянинг қаердалигини шу аёл билиши керак эди. Тўғридан-тўғри сўраса, айтмаслиги ҳам мумкин эди. Шу сабабли мақсадга аёлларга ёқадиган йўлдан юриб боришни маъқул кўрди. Надя ийиб, тўшакка ётишга тайёр бўлганида «Федя қаерда?» деб сўради. Кўзлари сузилиб турган аёлнинг қошлари бирдан чимирилди.

— Шунга келувдингми? — Надя Зелихонни кўкрагидан итарди. Зелихон эса аксинча, уни маҳкамроқ қучди. Надя унинг қучоғидан чиқишга уринди, охири бўшашган ҳолда, ёпиқ эшикка қаради. — Шуни кейинроқ сўрасанг ҳам бўлади-ку? Ана, ётибди. Ғирт маст.

Зелихон уни қучоғидан бўшатиб, эшикни очди. Юзтубан ётган, чап қулоғининг остидан оғзигача тиртиғи бўлган бу йигитни дарров таниди. Ичкари кириб эшикни ёпди-да, «Федя», деб чақирди. У бир текисда нафас оларди. Мастга ўхшамасди. Зелихон уни яна чақирди, сўнг унинг маст уйқуда эканига гўё ишонч ҳосил қилгандай, пиджагининг чўнтагига қўл юборди. Янги паспорт, озод этилгани ҳақидаги гувоҳномани кўргач, боя кўнглига оралаган шубҳа ҳақиқатга айлана бошлади.

У Федянинг бош томонига ўтиб ўтирди-да, худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандай гапира бошлади:

— Менинг Бўри деган бир дўстим бўларди. Ароқ дарё бўлиб оқиб келса, шимириб қуритарди. Аммо ўзи сира маст бўлмас эди. Қамоқда бузилибди, бечора. Энди… одам сотилганидан кейин шунақа бўлиб қоларкан-да. Худо раҳмат қилсин, сени Федя. Номингни тоабад унутмаймиз, дея олмайман. Сотқинларни эсламаймиз, ўзинг биласан-ку…

Шу гапдан кейин Федя бир қимирлаб олди.

— Сотқин эмасман, — деди ётган ҳолича.

— Бошингни кўтар, Федя, мендан уялма.

Федя бошини кўтариб, тирсагига тиралди.

— Нимага келдинг?

— Иш бор эди. Чиқиб келганингни эшитиб, хурсанд бўлувдим.

— Қанақа иш?

— Энди сенсиз битадиган иш.

— Мени сотқин дема, Академик, мен бировни сотганим йўқ.

— Қочдингми? Қочганга ўхшамайсан?

— Ишинг бўлмасин. Йўлини қилиб чиқдим.

— Мен билан ишлайсанми?

— Йўқ.

— Нимага?

— Ўзимнинг ишим бор. Агар хоҳласанг… мен билан ишлашинг мумкин. Яқинда катта ов бўлади.

— Қаерда?

— Қаердалигини вақти келганда айтаман.

Эшик қўнғироғи жиринглаб, уларнинг суҳбатлари узилди. Бир оз фурсат ўтгач, эшик қия очилиб, Надя кўринди.

— Федя, келди айтганинг.

Федя ўрнидан туриб меҳмонхонага чиқди. Зелихон унга эргашди. Меҳмонхонада сочлари пахмайган, қадди келишган бир қиз турарди.

— Ёшинг нечада? — деб сўради Федя унга тикилиб.

— Ўн еттида, — деди қиз, бу саволдан ажабланиб.

— Зеля, бу товуқни топиб келган матахини қара. Менинг куним энди қари кампирларга қолибди-да, а? Жўна, кўзимга кўринма!

Қиз лабини чимириб, шарт бурилган чоқда, Зелихон уни тўхтатди.

— Надуля, бу менга насиб қилган экан. Бизга ўхшаган чолларга қари кампирлар ҳам бўлаверади.

Федя Зелихоннинг олдида олифтагарчилик қилмоқчи эди. Оғзидаги нонни олдириб қўйиб пушаймон еди-ю, аммо сир бой бермади.

 

***

 

— Ҳосилбойвачча деганлари мен бўламан. Бир томони қайнотангиз билан ака-укалигимиз бор. Бир томони йигитнинг сўзи қайтгунча шайтоннинг бўйни узилсин, дейишадими?

Шу гапдан кейин Элчин ўйланиб қолди. У Ҳосилбойвачча деганларини эшитган, қўчқорларнинг бири шу эканини ҳам биларди. Аммо ўзини кўрмаган эди. Озғин юзидаги катта юмалоқ кўзлари болакай чизган суратни эслатувчи, қалдирғоч мўйловли, қирра бурунли бу йигит ўзига эринмай зеб берган эди. Кийимларининг тахи бузилмаган, бирон ерда ғижимнинг асорати йўқ, худди у ҳеч ерда ўтирмайдигандай, суянмайдигандай эди. Иккала қўлининг бармоқларида биттадан тилла узук. Бу одамдан таралаётган атир ҳидига димоқ ёрилиб кетай дейди. Элчинни ҳайрон қолдирган нарса бу эмас, бундай олифта юрувчилар кўп. Элчин тўйга айтиб келган бу йигитни зимдан кузатиб, унинг киприк қоқмаслигини илғади. Ўқдай қадалиб турган нигоҳдан одам боласида кам учрайдиган совуқ ўт чақнаб турарди. Бу нигоҳ «сенга яхшилик қиламан» деб алдай олмасди. У тўғрисини айтарди: мендан фақат ёмонлик кут!

Элчин Ҳосилбойваччанинг таклифини эшитгач, кеча Асадбекнинг қидириб келгани сабабини англади. «Демак, Асадбек бу таклифдан огоҳ. Демак, бу одамга хизмат қилишимни истамайди. Нима учун? Ғайирлиги келганми? Обрўйига путур етишини билганми? Кимсан, Асадбекнинг куёви Ҳосилбойваччанинг хизматида бўлса?!»

— Мен ноз қилаётганим йўқ, ака, — деди Элчин, ўзидан икки-уч ёш кичик бўлган Ҳосилбойваччага. — Акахонингиз сизга қадрдон бўлсалар, тўйларига зўрроқ ашулачиларни олиб борганингиз яхшими, дейман-да. Мен анча четга чиқиб қолганман. Биров эслайди, биров эсламайди. Ғулом келибди ё Шерали келибди, деган гап қаёқда-ю, алмисоқдан қолган Элчин келибди, деган гап қаёқда?

— Бунчалик паст кетманг. Арзимасангиз ўзим келмас эдим.

Элчин бу гапдан «Мен унча-бунча одамни таклиф этмайман», деган маънони уқди. У Асадбекнинг мақсадини англагандай эди. Аммо шунча ўйласа ҳам Ҳосилбойваччанинг асл нияти нима эканини билолмади. Ҳар бир катта-кичик тўданинг, ҳатто гап ейдиган кичик улфатнинг ўз қўшиқчиси бўлади. Элчин Асадбек тўдасига тегишли, ҳатто улар уни ўз мулкидай кўришар эди. Ҳосилбойваччаларнинг ҳам ўз мулки — қўшиқчиси бор. Тўйга Ҳасанали келармиш, дейилса, одамлар унинг йўлига ҳафталаб кўз тикишади. Ана шундай машҳур ашулачи турганида Элчин нимага керак бўлиб қолди? Элчин таклиф замирида қандайдир қитмирлик ётганини фаҳмла-ди-ю, қисқа фурсатда ўша «қандайдир» нима эканини англай олмади.

— Катта бошингизни кичик қилиб келибсиз, биз нима дердик. Касбимиз яхшиларга хизмат қилиш.

Ҳосилбойвачча юзини жилмайиш эпкини силаб ўтди. Бу қувониш эмас, ғолиб одамнинг мағрур жилмайиши эди.

 

***

 

Элчин тўйга борибди?!

Асадбек бу хабарни эшитиб, тутоқиб кетди. У «Элчин сал бўлса-да, эсини йиғиб олди», деб янглишганини билди. «Кўзи кўр, ақли паст экан, — деб ўйлади Асадбек, — бу таги пастга олов билан ўйнашишни ким қўйибди?»

— Тўйда аҳвол қанақа экан? — деб сўради Асадбек, ўзини бир оз босиб олгач.

— Улоқ Ҳасаналидамиш. Элчинга пул қистиришмабди, — деди Чувринди.

— Ҳа, тулки! — Асадбек ўрнидан туриб, эшик томон юрди. — Кетдик.

— Сиз бормаганингиз маъқул, — деди Чувринди, жойидан жилмай. — Мен йигитларни юбордим. Ўзлари тинчитишади.

Асадбек тўйхонага кундузи бориб муборакбод этиб, совға-саломини бериб келган эди. Унинг кечки зиёфатларга келмаслиги кўпчиликка маълум, шу учун ҳозир борса, мағлубиятини бўйнига олган бўлиб чиқади. Чувринди буни олдиндан ҳисоб-китоб қилиб қўйган эди. Асадбек унинг мақсадини дарров тушуниб, жойига қайтди.

— Сиз ташвишланманг. Бир жиҳатдан шундай бўлгани ҳам дуруст. Бурнига сув кирса, кейин қадрингизга етади, — деди Чувринди.

Асадбек хабарни эшитиб, титраб ўтирган пайтда Элчин тўйда ёниб қўшиқ айтарди. У даврага биринчи чиқишидаёқ бу ерга шарманда бўлиш учун келганини англади. Ундан олдин Ҳасанали чиққанида уни қийқириб қарши олишди. Ҳасанали ўртага чиқиб, худди тсирк артистидай бир қўлини юқори кўтариб таъзим қилди. Олқишлар тингач, унга торни икки қўллаб узатишди. У арзимаган бир одамнинг мактубини олаётган подшодай қаддини ғоз тутиб, торга қўл узатди. Шу онда Ҳосилбойвачча унга яқинлашиб, устидан пул сочди. Ҳасанали ашула айтиб эмас, пул сочишдан, қистиришдан чарчади. Навбат Элчинга етганида тўйхонада олқишлар янграмади. Пуллар сочилмади. Ташқаридан қараган одам барча пул аввалги ашулачига сарф этилиб тугабди-да, дейиши мумкин эди.

Элчинга бу усул маълум. Ашулачини хор қилишнинг энг маданий йўли шу. Бундан бир вақтлар Асадбек ҳам фойдаланган. Элчинни бошлаб бориб, унинг обрўйини ошириш, тўй эгаси чақирган ҳофизни ер қилиш учун шу усулни қўллар эди. Ҳосилбойвачча акс йўл тутди: ўзи айтиб келган қўшиқчини ўзи хор қилди. У атайин даврага чиқмади. Худди Элчиннинг ашуласини эшитмагандай улфатлари билан чақчақлашиб ўтираверди. Элчиннинг раққосаси — тўйларда юравериб кўзи пишган жонон жувон — Ҳосилбойвачча ўтирган ерга бориб минг муқом қилди, минг ишва билан сузилди, фойдаси бўлмади.

… Ана шу пайтда Асадбекка хабар кетган эди…

Элчин иззати битганини билиб, тўйдан чиқиб кетмоқчи ҳам эди. Бироқ ўзини тутди. Шармандалик юкини ортмоқлаб чиқиб кетгандан кўра охиригача чидашга қарор қилди. Ҳозир чиқиб кетса — уларга шу керак — ғолиблик жомини сипқоришади, кетмай ўтираверса, чиқиб ашуласини айтаверса, улар ажабланишади, балки хавотирга ҳам тушиб қолишар.

Элчин тўйхонада ўзининг калака қилинаётганидан бир эзилса, икки тўда орасида қўғирчоқ бўлаётганини англаб, минг эзилди. «Бунга аввалроқ ақлим етиши керак эди», деб ўзини ўзи айблашдан ўзга чора топмади. У даврага иккинчи марта чиққач, атайин мунгли ашулани айта бошлади. Ширакайф йигитлар келиб, «шўхроғидан бўлсин», деб қулоғига шивирлаб кетишса ҳам парво қилмади. Тўйда яйраб, ўйнайман, деб келган қизлар, йигитлар бетоқат бўлишди. Ҳосилбойваччанинг даврасидагилар ҳам у томонга бир-икки қараб қўйишди. Ҳозиргина қизиётган тўй совий бошлади. Тўй тўйга эмас, маърузачининг гаплари ёқмай ғўнғир-ғўнғир бошланган мажлисга ўхшаб кетди. Ҳосилбойвачча ўрнидан туриб, Элчин томон бир қадам қўйгач, тўхтади. Элчин унинг тўхтаб қолиши сабабини рўпарасида Жамшид пайдо бўлгач, англади. Жамшид ашуладан маст бўлган одамдай жилмайиб қўйди-да, чўнтагидан бир даста пул чиқариб Элчиннинг устидан сочди. Жамшиддан сўнг яна икки нотаниш йигит сочди. Ана шунда Ҳосилбойвачча чўнтагига қўл тиқиб ўрнидан турди. Ана шунда Элчин ашулани ниҳоясига етказмай узди-да, жойига қайтди.

Уни тўй охиригача даврага чорламадилар. У эса ўзини эркин тутган бўлиб, еб-ичиб ўтираверди. Шерикларининг савол назарларига «хотиржам бўлинглар», деган маънода им қоқиб қўяверди.

Тўй тугаб, келин-куёв кузатилгач, Ҳосилбойвачча Элчин ўтирган устолга яқинлашди.

— Қалай, ҳофиз, уринтириб қўймадикми? — деди у, Элчиннинг елкасига қўл ташлаб.

— Маза қилдик, ака, — деди Элчин унинг кўзига тик қараб.

— Акахонни хурсанд қилдингиз, раҳмат, — у шундай деб чўнтагидан икки тахлам юз сўмлик чиқариб, устол устига ташлади. — Етадими?

Элчин заҳарли жилмайиш билан пулларга қаради. Бир тахламни олиб, ёнида ўтирган доирачига узатди-да, «Ўзинг бўлиб бер», деди. Сўнг иккинчи тахламни Ҳосилбойваччага узатди:

— Акахон, мен холис хизматга келганман.

Ҳосилбойвачча қошларини бир чимирди-ю, аммо сир бой бермади. Сўнг пулни олиб раққоса олдига ташлади.

— Ўйинингга беш кетдим.

У шундай деб бурилиб, изига қайтди.

 

***

 

Кўчада Жамшид кутиб турган эди. Элчин уни кўрмагандай ўтиб кетмоқчи бўлди. Аммо сергакликда унча-бунча одамга дарс бера оладиган Жамшид унинг йўлини тўсди.

— Сиз бу ёққа чиқинг, — деди, қатъий оҳангда.

«Демак, Асадбек олиб келишни буюрган», деб ўйлади Элчин. У бир тўхтамга келиб улгурмай, Жамшид орқароқдаги доирачига буюрди:

— Торни мана бу мошинга қўйинг. Ҳофиз акангиз биз билан бирга кетадилар.

Элчин Жамшид билан ғиди-биди айтишни ўзига эп кўрмай, машинага ўтирди. «Асадбекнинг кўзи учиб турган бўлса, унга айтадиган икки оғиз ширин сўзим бор», деб қўйди.

Жамшид одатига содиқ қолган равишда жим борарди. Орқа ўриндиқда ўтирган Элчин унга тикилиб, ўйларди: «Асадбек бу лайчасини атай юбордими? Энди менга нималар деб сасир экан? «Ҳосилбойвачча Асадбекнинг куёвини бир пул қилди», деган андишага чидай олмас ҳарҳолда…»

Элчин қамоқдан чиқиб келгач, ўзини ақлан тўлишган ҳис қиларди. «Атрофимда содир бўлаётган ҳар бир воқеага, айтилаётган ҳар бир гап-сўзга ақлим етади, кимга нима дейишни яхши биламан», деб ўйларди. Зоҳиран шундай. Ҳар бир инсон йил ўтгани сайин ўзини ақлли ҳис қилиб боради. Худди шу ҳис уни кўпга кулги қилади ёинки ҳаёт сўқмоғида чалиб йиқитади, йиқитганда ҳам бир умр мажруҳ қилиб қўяди. Тўғри, Элчин кўпни кўрди. Найранг нима, мунофиқлик нима, ваҳшийлик нима — ҳаммасига тирик гувоҳ. Аммо, бу найранг, бу мунофиқлик, бу ваҳшийлик, одам боласига ёт жамики иллатлар ранги кундан-кунга турланиб туришини ҳисобга олишни ўрганмади. Буни ўрганиши ҳам қийин. Бугун сариқ рангда тусланган ваҳшийлик эртага қайси рангда жило беради? Қорами? Яшилми?.. У Шилимшиқни ўлдирмоқ истагида юрганида қайси рангда эди. Бу жингалак сочли йигитга пичоқ санчаётганида қайси рангни афзал билади? Буни унинг ўзи ҳам билмайди. У ўзи сезмаган ҳолда икки гуруҳ ўзаро тепиб ўйнайдиган копток ҳолига тушди. Зимдан тайёрланаётган олишув саҳнасида бир зарра бўлиб қолганини у ҳали тушуниб етмасди.

Жамшид шоҳкўчадан тўғрига юрмай, чапга бурилгач, Элчин ажабланди. «Демак, бугун Асадбек мени кўришни истамайди. Демак, бу тун ўйланади, режа тузади. Асадбек қўлида қўғирчоққа айланганингиз муборак бўлсин, Элчинбой. Қасоскор эркак сизми эдингиз?» Элчин дарвозаси ёнида тўхтаган машинадан тушиб, торини қўлтиқлаган ҳолда қолди. Жамшид хайр ҳам демай, жўнаб кетди. Элчин чўнтагидан калит чиқарди-ю, қулфга солишга қўли бормади. Нима учундир уйига киргиси келмади. Кимгадир дардини айтишни истади. Унинг дардини ярим кечада ким эшитади? Зелихон бўлганида эшитарди. Лекин у Фарғонадан қайтгач, «зарур ишни» баҳона қилиб, Масковга жўнаб қолган. Элчиннинг дардини Анвар ҳам эшитиши мумкин. Лекин уйғотиб, хотини бағридан чиқиб унга қулоқ тутиш малол келса-чи? Элчин шу фикрларни хаёлидан ўтказиб, ўзини ночор, ёлғиз сезди. Атрофда «азизим, биродарим, дўстим…» дейдиган одамлар кўп. Аммо дардини эшитадиган инсон йўқ бўлса ҳам қийин экан. «Одамлар қамоқдан қўрқишади, — деб ўйлади Элчин. — Ахир шу ёруғ жаҳоннинг ўзи турма-ку? Ёнма-ён яшайсан, лекин бир-бирингга ишонмайсан. Бу Ер деганлари гуноҳкор бандаларнинг сургун муддатини ўтовчи жойи эмасми? Қамоқхонада ҳар бир барак ўзига хос бир мамлакат. Ҳар бир баракнинг ўз қонуни, ўз урфи, ўз подшоси бор. Ер юзидаги ҳар бир мамлакат қамоқхоналардаги бараклардан нимаси билан фарқ қилади? Диндорларнинг гаплари балки тўғридир? Одам боласи чиндан ҳам синов учун бу дунёда яшар? Синовдан ўтса — озодликка чиқади, жаннатга тушади. Ўтмаса жаҳаннам азобида қолади…»

 

***

 

Зайнаб эрини кутиб, ухламай ўтирган эди. Машина келиб тўхтаганини билди. Машина эшиги тез очилиб, тез ёпилди. Машина шитоб билан қўзғолди. Зайнаб отарчилар шилта йўллардан юрадилар, деб кўп эшитган эди. Эрининг тўйга боражагини билганидан бери, шу йўлда юриб келади, деган фикр унга тинчлик бермаётган эди. Дарвоза эшиги ҳадеганда очилмай, эри киравермагач миясига ўрнашган гумон ҳақиқатга айланаверди. Назарида эри ўйнаши билан тушиб қолиб, дарвоза олдида қучоқлашиб тургандай туюлаверди. Елкасига қалин рўмолини ташлаб, ташқарига чиқди. Девор олдига келиб, кўча томонга қулоқ осди. У кутган ҳансирашлар, пичирлашлар, ҳиринглашлар эшитилмади. «Машина қўшниларникига келгандир» — Зайнаб шу фикрда изига қайтмоқчи эди, кўча томонда Элчин енгил йўталди. Зайнаб сергак тортиб, яна қулоғини динг қилди. «Нимага кирмаяптилар?» деб ажабланди. Қанча ўйламасин, саволига жавоб тополмади. Кута-кута, охири эшикни ўзи очди.

Торини қучоқлаб ғариб аҳволда турган эрини кўриб, ҳайрати яна ошди. Элчин қўққис эшик очилганида бир чўчиб тушди. Айвонда ёниб турган чироқ нури бу ерга аранг етиб келарди. Шу сабабли Элчин хотини кўзидаги ажабланишни сезмади. Зайнаб ҳам эрининг кўзидаги ҳайронлик аломатини илғамади.

— Зайнаб? Тинчликми? — деди Элчин. Унинг тили гапга келмай, овози соқов одамникидай ғўлдираб чиқди. Зайнаб «маст экан», деган хаёлга бориб, паст овозда:

— Тинчлик, — деди, — киринг…

«Кутаётган экан!» Шу фикр Элчиннинг кўнглини ёритиб, елкасидан босиб турган дардни қувгандай бўлди. Остона ҳатлаб ўтиб, эшикни ёпгач, бир қўлини хотинининг белига юбориб, уни ўпмоқчи бўлди. Зайнаб юзини олиб қочди, ўптирмади. Элчин буни нозли араз ўрнида қабул қилиб, кўнгли янада равшанлашди. «Шунчалик кутдими, шунчалик аразладими, демак, яхши кўради» деган қарорга келди. Ичкари кириб плашчини ечгач, уни яна қучмоқчи бўлди. Зайнаб бир тўлғониб унинг қучоғидан чиқди-да:

— Аввал ювининг, — деди.

Бу гапдан сўнг Элчиннинг устидан совуқ сув қуйилгандай бўлди.

— Сен ҳали… мени шунақа саёқ… шалтоқ деб ўйлайсанми?!

Зайнаб эрининг кўзларига қараб бир олам ғам кўрди. Яна бир гап айтса, назарида эри йиғлаб юборадигандай туюлди. Гапи қўпол чиққанини англаб, юмшатишга ҳаракат қилди:

— Фақат саёқ одам ювинадими? Бегона жойларда ўтирдингиз, бегона одамлар билан кўришгансиз… Дарров эгриликка олманг-да… — Шундай деб эрининг юзини силаб қўйди. Элчин бу юмшоқ қўлнинг тафтини сезмади. «Бугун ўзи тупроққа қориштирадиган кун экан», деб ҳаммомга қараб юрди.

 

***

 

Элчин ювинаётган маҳалда Анвар ширин уйқуда эди. Бирдан уйғонди. Уйғонганда ҳам сергак, тиниққан ҳолда уйғонди. Бирпас жим ётди. Пешонаси қизий бошлагач, ўрнидан туриб меҳмонхонага чиқди. Деразадан тушиб турган нурни кўриб, шошиб эшикни ёпди.

— Сени биз уйғотдик, — деган ёқимли овоз келгач, нур устига оёқ қўймоқчи бўлди.

— Сени ҳозир олиб бормаймиз, — деди яна ёқимли овоз.

— Мен Зуннуний билан учрашмоқчиман, сўрайдиган гапларим бор.

— Ердаги ҳаёт билан видолашганингдан кейин учрашасан.

— Асқар Қосим билан-чи?

— У билан ҳам… Сен бизнинг борлигимизга ишондингми?

— Ҳа.

— Ердаги ҳаёт билан хайрлашишга тайёрмисан?

— Йўқ.

— Нима учун?

— Одам ўзини ўзи ўлдириши осон эмас. Мен ҳаётдан тўйганим йўқ.

— Бугун бўлмаса эртага тўясан. Холидий энди баттар авжига чиқади. Атрофдагилар сени талашади. Кўз очиришмайди. Сен ўзгаришларга ишониб хато қиляпсан. Одам эгнидаги либос ўзгаряпти, юрак эмас. Шунга ақлинг етмайдими?

— Билиб турибман… лекин менга озгина муҳлат беринг.

— Вақтни чўзма. Билиб қўй: дўстингнинг дўсти хавф остида, йўлдан қайтмаса, ҳалок бўлади.

— Ким?

— Дўстингнинг дўсти…

Шу гапдан кейин нур чекиниб, хона қоронғилашди. Анвар ҳолсизланиб, устулга ўтирди. Нурнинг жумбоқли гапи уни ташвишга солди. Дўстимнинг дўсти ким экан, деб ўйланди. «Дўстга ўхшаб юрганлар кўп. Ҳаммасини огоҳлантириб чиқаманми? Ё энг яқин, энг чин дўстларними? Йўлдан қайтмаса ҳалок бўлади… Қанақа йўлдан? Бирови амал талашаётгандир, бирови мол-дунё қайғуси билан яшаётгандир, бирови бошқасининг чиройли хотинини йўлдан урмоққа киришгандир… Қайси бири ҳалок бўлади? Нур нима учун мени огоҳлантирди? Дўстимнинг дўсти ҳалок бўлишини истамади. Аммо мени шоширяпти. Мен унга «ҳаётдан тўймадим», дедим. Шу гапдан аччиқланиб, дарров ғойиб бўлдими? Мен… ҳаётдан тўймадимми?..»

«Ҳаётдан тўйиш» деган гап тилдан осонгина учади. Шу иккитагина сўздан иборат тушунчанинг ўқ илдизини топиш эса жуда мушкул. Ҳар ким ҳаётдан ҳар хил лаззат олади. Кимдир маишатдан, фоҳишалар даврасида яйраб тун ўтказишдан, бошқа биров эса ана шу ҳаром йўлга юрмаганидан лаззатланади. Кимдир тўплаган мол-дунёсига қараган сайин кўзи қувнайди, бошқаси тешик тоғорага қараб, қорин ва нафс бандаси бўлмагани учун Яратганга шукр қилади.

Худди шунга ўхшаш, ҳаётдан тўйиш ҳам турлича. Биров мол-дунёсидан айрилса, ҳаётдан тўяди. Биров ҳақсиз дунёдаги найранглардан тўяди… Анвар нимадан тўйсин? Холидийнинг ҳийлаларига чидай олмаганини ошкор этиб, бу дунёдан кетворсинми? Дунёни Холидийларга ташлаб қочсинми? Асқар Қосим кетди. Нима ўзгарди? Ким инсофга кирди? Кимнинг кўзи очилди? Унинг исёнини ким англаб етди?

Анварнинг хаёлига шу гаплар келиб, беихтиёр ўрнидан турди. Дераза олдига бориб, осмонга қаради. Осмон тунд. Юлдузлар кўринмайди. Булут ортига яширинган юлдузни хаёлан кўз олдига келтириб, унга мурожаат этди:

— Мени олиб кетсаларинг яхши бўларди. Зуннуний билан гаплашардим. Асқар Қосимдан сўрайдиган гапларим бор эди. Ўзимни ўлдиришим қочмайди. Орқамдан чирқираб қоладиган бир этак болаларим йўқ. Ҳаётдан умидим ҳам йўқ. Аммо ҳозир бир адолатни тиклаш имкони туғилганида, қочиб қолиш номардликда. Ўлимдан қўрқаётганим йўқ. Ўлганимдан сўнг Холидийларнинг хурсанд бўлишларини истамаяпман. Менга фурсат беринг. Озгина фурсат…

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

Читайте на сайте


Smi24.net — ежеминутные новости с ежедневным архивом. Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. Абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть —онлайн с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии. Smi24.net — живые новости в живом эфире! Быстрый поиск от Smi24.net — это не только возможность первым узнать, но и преимущество сообщить срочные новости мгновенно на любом языке мира и быть услышанным тут же. В любую минуту Вы можете добавить свою новость - здесь.




Новости от наших партнёров в Вашем городе

Ria.city
Музыкальные новости
Новости России
Экология в России и мире
Спорт в России и мире
Moscow.media









103news.com — быстрее, чем Я..., самые свежие и актуальные новости Вашего города — каждый день, каждый час с ежеминутным обновлением! Мгновенная публикация на языке оригинала, без модерации и без купюр в разделе Пользователи сайта 103news.com.

Как добавить свои новости в наши трансляции? Очень просто. Достаточно отправить заявку на наш электронный адрес mail@29ru.net с указанием адреса Вашей ленты новостей в формате RSS или подать заявку на включение Вашего сайта в наш каталог через форму. После модерации заявки в течении 24 часов Ваша лента новостей начнёт транслироваться в разделе Вашего города. Все новости в нашей ленте новостей отсортированы поминутно по времени публикации, которое указано напротив каждой новости справа также как и прямая ссылка на источник информации. Если у Вас есть интересные фото Вашего города или других населённых пунктов Вашего региона мы также готовы опубликовать их в разделе Вашего города в нашем каталоге региональных сайтов, который на сегодняшний день является самым большим региональным ресурсом, охватывающим все города не только России и Украины, но ещё и Белоруссии и Абхазии. Прислать фото можно здесь. Оперативно разместить свою новость в Вашем городе можно самостоятельно через форму.

Другие популярные новости дня сегодня


Новости 24/7 Все города России



Топ 10 новостей последнего часа



Rss.plus


Новости России







Rss.plus
Moscow.media


103news.comмеждународная интерактивная информационная сеть (ежеминутные новости с ежедневным интелектуальным архивом). Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. "103 Новости" — абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию.

Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам объективный срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть — онлайн (с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии).

103news.com — живые новости в прямом эфире!

В любую минуту Вы можете добавить свою новость мгновенно — здесь.

Музыкальные новости




Спорт в России и мире



Новости Крыма на Sevpoisk.ru




Частные объявления в Вашем городе, в Вашем регионе и в России