ШАЙТАНАТ… (39-қисм)
* * *
Ўлмас Акромга нисбатан кўнгли юмшай бошлаган маҳалда бошқа бир овоз гулдираб келди: «Ишонма, айтаётган эркинлигига ҳам ишонма. Меҳрибонлигига ҳам ишонма. Жону дили амал, шуҳрат бўлган одамдан яхшилик кутма!..»
Шу овоз кучлилик қилиб, юмшай бошлаган дилни яна тошга айлантирди.
— Ишонмайман, — деди у беихтиёр.
— Нимага ишонмайсан?
— Гапларингга. Масалан, эркин равишда илм билан шуғулланишимизга. Тизгин Масковда экан, эркинлик ҳақида гапирмай қўяқол.
— Гапни сиёсатга бурма.
— Ана, кўрдингми, дарров қўрқасан. Бизда илм билан шуғулланиш эркинлиги йўқ. Бизда амалпарастлик эркинлиги, дунёпарастлик эркинлиги, ҳақиқат кўзига чўп тиқиш эркинлиги, лаганбардорлик эркинлиги бор. Булардан устозинг тўла фойдаланиб, маза қилиб яшади. Энди сен шундай яшайсан. Сўнг сенинг шогирдинг. Шундай кетаверади занжир реактсияси бўлиб. Сенга бир ҳикматли гап айтайми?
— Бўлди қил, бошимни ғовлатиб юбординг. Сен билан гаплашган одам барака топмайдиган бўлиб қолибди. Сен илмда орқада қолиб кетаётганинг учун бошқалардан гина қилма. Айб ўзингда, бутун кучингни жағларингга берибсан. — Ўлмас Акром столи устидаги бир варақ қоғозни олиб, унга узатди. — Хавфсизлик қўмитаси архивидан фойдаланмоқчи эдингми? Рухсат беришди. Мана бу одамга телефон қилиб, истаган пайтингда боришинг мумкин.
Анвар қоғозни олиб буклади-да, эътиборсиз нарсадай чўнтагига солди.
— Кетаверайми?
— Ҳа.
— Гапим ичимда қолмасин, ҳалиги ҳикматни айтай: бу жинниларнинг гапи эмас: «Саҳли Суълукий дебтурки, ман тасаддара қабла авониҳи фа қад тасаддо ли ҳавониҳи».
Англадингми?
— Тушундим, бор кетавер.
— Йўқ, тушунмадинг. Тушунганингда сапчиб кетардинг. Мени тезроқ чиқариб юбориш учун шундай деяпсан. Бу ҳикматнинг маъноси шуки, кимда-ким вақтидан олдин бошлиқ бўлса, ўзининг хорлигига мутасадди бўлади. Яна ҳам содда айтилса, лаёқатсиз одам бошлиқ бўлиб олса, одамлар кўзи олдида ўзини- ўзи хорлаган бўлади.
— Йўқол, аҳмоқ!
— Ана, айтдим-ку, тушунганинг энди аён бўлди, — Анвар унга бир жилмайиш ҳадя этиб, хонадан чиқди.
У жиннихонада ўтган ҳар бир куни учун булардан шу зайлда ўч оламан, деб ўйларди. У ўз назарида ҳужумга ўтган, булар эса ҳимояда эдилар. Булар Асадбек номини эшитибоқ гангиб қолдилар, деб ўйларди. Унинг кўп нарсаларга етадиган ақли Холидийни гангитиш мумкин эмаслигига етмас эди. Холидий ажабланиши мумкиндир, аммо гангимайдиган тоифадан эди. Анвар жиннихонада нур билан гаплашганида эшитганларини унутаёзган эди:
«Сен унинг келажакни кўра билиш хусусияти борлигини билмайсан. Унга эртага нима бўлиши маълум». Анвар Ўлмас Акромнинг жиғига тегаётганида Холидий уни кўздан йўқотиш чораларини излаётган эди.
***
Анвар пешинга қадар хуш кайфиятда юриб, тушликдан сўнг архивга бориш учун рухсат сўраб кетди. Ўлмас Акром алдамаган эди, чиндан ҳам архивда истаган ҳужжатни берадиган бўлишди. У бувасига оид маълумотни кўриш истагини билдирган эди, икки кун ичида топиб қўядиган бўлишди. Ишга қайтишни ихтиёр қилмай, Элчинни кўргиси келиб, унинг уйига йўл олди. Ўтган куни ҳам уйида ҳеч ким йўқ эди. Бугун ҳам дарвоза берк. У дўстига ҳазилнамо нома битди-да, найча қилиб ўраб, калит солинадиган тирқишга тиқиб, уйига жўнади.
Хотинининг ишдан қайтишини кутмай, ўзи ошга уннади. Оқшом чоғи уйга кириб келган Хонзода эрини ошхонада кўриб «кўз тегмасин-ей» деб кулимсиради.
— Эрталабки жилмайишингнинг ҳаққини адо этяпман, — деди Анвар.
Ош сузилаётган дамда Элчин кириб келди.
— Қайнотаси суйган йигит ош сузилганда кириб келаркан, — деди Анвар унга пешвоз чиқиб. Анвар унинг ғашига тегиш учун атайин «қайнона» эмас, «қайнота» деган эди. Элчин ҳозир қитмирликни кўтарадиган аҳволда эмасди. Шу сабабли дўстига хўмрайиб қаради. Анвар ҳам ҳазили ўринсиз бўлганини сезди. Элчиннинг ёноғидаги кўк доғни кўриб: «Ҳа, тинчликми?» деди. «Ўтин тегиб кетди», деди Элчин тўнғиллаб. У Рисолат кампир билан сўрашиб чиққач, меҳмонхонага ўтишди. Ош икки лаганга сузилди.
Элчиннинг қорни оч бўлса-да, томоғидан овқат ўтиши қийин эди.
— Биз кундошларга ўхшаб қолибмиз. Менинг кайфиятим яхши бўлса, сеники чатоқ.
Сеники яхши бўлса, меники чатоқ. Нима гап, дилингни ёрсанг-чи?
— Ўзи ёриладиган бўлиб турибман.
— Ичасанми?
— Борми?
— Топамиз. Лекин мени зўрламайсан.
— Зўрлаган — ўғри.
Анвар китоблар орасига яшириб қўйган шишани олиб очди-да, пиёлани лим-лим қилиб тўлдирди. Элчин бир кўтаришда ичиб, хўрсиниб қўйди. «Дарди оғир, ошнамнинг», деб ўйлади Анвар.
— Қуй яна.
— Ошдан е.
— Олдин қуй, кейин ейман.
Элчинни эзаётган дард икки пиёла ароқнинг кучи билан тарқайдиган анойи дардлардан эмасди. Элчин ароқни ичиб бўлганидан кейин ҳам ош емади, тунд ҳолда ўтираверди.
Анвар ҳам тоқат қилиб, унинг гап бошлашини кутди. Ароқ деганлари дардни енгиллатмаса ҳам одамни сайратади. Ниҳоят, Элчин тилга кирди. У Анварга эмас, худди ўзига-ўзи гапиргандай сўзларди:
— Менинг суратим одам… Аслида мен илон бўлишим керак эди. Уларни бўғиб қийнашим лозим эди, қонларини сўриб лаззат топмоқчи эдим. Мен уларнинг кўзларини ўймоқчи эдим, тилларини суғуриб, қўлларини синдириб, қулоқларига қўрғошин қуймоқчи эдим.
Умримнинг мазмуни шу эди… Илонман, десам… чувалчанг эканман… мен уларни бўғиб роҳат қила олмадим…
— Йиғла, тўйиб-тўйиб йиғла, жуда ярашар экан, — деди Анвар кесатиб.
— Анвар, сен индамай ўтириб қулоқ сол. Мени аҳмоқ қилишмоқчи. Жамшиднинг ўлимини менинг бўйнимга илишмоқчига ўхшайди.
— Жамшидинг ким?
— Асадбекнинг содиқ қулларидан эди. Мен уни ўлдиришим керак эди.
— Сен? Нима учун?
— Шунинг учунки… у… у… Ҳароми…
— Бўлди, тушундим.
— Ҳа… тушундинг… Уни ўлдиришибди. Худди Шилимшиққа ўхшатиб…
— Шилимшиқ ким?
— Индамай ўтир, дедим сенга… Шилимшиқни мен ўлдирган эдим. Қара-я, уни қармоққа ўзлари илинтириб, шундай тайёргина қилиб менга тортиқ қилишувди. Нимага шундай қилишганига ўшанда ақлим етмабди. Мақсадлари Жамшид экан… Зайнаб шу ҳаромини яхши кўрар экан. Ўзини осибди-я!..
— Ўлибдими?
— Йў-ўқ… у ўлса ҳозир мен бу ерда ўтирмас эдим. Ўлигим ахлатхонада ётган бўларди. Зайнаб тирик экан, мен тирикман. Мен уни… яхши кўра бошлаган эдим…
Одам кепатасига кира бошлаган эдим… Балки у алам устида ёлғон гапиргандир, а?
Лекин барибир дилни яралади. Бу яра тузалмайди.
— Агар қотилликни сенинг бўйнингга илишмоқчи бўлишса, айтиш керак.
— Кимга?
— Кимга? — Анвар ўйланди, бирдан эсига Зоҳид тушди. — Акамнинг бир шогирди прокурор бўлган. Ҳалол бола. Олиб борайми?
— Йў-ўқ, аралаштирма уни. Мен Асадбекдан қўрқмайман. Охиригача олишаман. Ўлсам ўларман, ўлишим аниқ, аммо орқага чекиниш йўқ. Қуй яна.
Элчин пиёла бўшатиб ўрнидан турди.
— Бўш келиш йўқ, оғайни, сен гапларимни унут. Дардимни сенга тўкдим, ўрнига адоват уруғини сепдим. Бу уруғ ҳадемай униб чиқади, кўрасан.
Элчин шундай деб бир оз гандираклаган ҳолда уйдан чиқди. Анвар кузатиб қўймоқчи эди, унамади. Шу бўйи ярим тунгача тентираб юрди.
Анвар эрталаб барвақтроқ йўлга чиқиб прокуратура томон кетди.
***
Пивохонадан чиқиб машинага ўтиришгач, Ҳамдам ҳамроҳларига сақич узатди:
— Пивонинг ҳидини олади. Ҳар ҳолда ишга борарсизлар, а?
Машина ўрнидан жилгач, Зоҳидга қараб деди:
— Намозовнинг уйида яқин орада бўлдингми? Ўша кўчадан ўтиб кетайлик.
Зоҳид унинг мақсадини Шариф Намозов яшайдиган кўчага бурилишганда англади.
Лола кўчасида кўкрак кериб турган иморатлар қаторида бостирмага ўхшаб ғарибгина кўринувчи уй олди қурилиш майдонига айланган эди. Ёғочлари чирий бошлаган эски дарвоза энди темирдан бўлибди. Сувоқдан чиққан болохона эса савлат тўкиб турибди.
Пештоқсиз уй томи очиб ташланган, офтобнинг ўтли нафасига қарамай, усталар ишлашяпти. Машина уй қаршисидан ўтаётганида секинлади, аммо Ҳамдамнинг буйруғи билан тўхтамади. Дарвоза олдида Насиба қўшни аёл билан суҳбатлашиб турар эди. Эри қамалиб чиққанидан бери, айниқса катта қурилиш бошланганидан бери атрофдаги ҳар бир ҳаракатга чўчиброқ қарайдиган бўлиб қолган бу аёлнинг секинлаб ўтаётган «Волга»ни сезмаслиги, Зоҳид билан Ҳамдамни кўрмаслиги мумкин эмасди. Насиба уларни кўрди, таниди. Гапираётган гапидан адашди, ранги ўзгарди. Қўшни аёл буни сезди.
«Нимани кўриб бунчалик ўзгарди?» деган муаммо билан орқасига ўгирилди.
Ҳамдамнинг режасида Насибага дуч келиш кўзда тутилмаган эди.
— Бизни кўргани яхши бўлди, — деди у. — Эри келиши билан айтади. Намозовнинг тинчи бузиладиган бўлди.
— Бугун нечта арининг уясига чўп суқдинг ўзи? — деди Солиев кулиб.
— Мен манови одил прокурорга ҳақиқат қанақа бўлишини кўрсатиб қўймоқчи эдим. «Бу одам олим экан», деб бино қўйган эди. Мана, олимнинг аҳволи. Олимда ҳам жиғилдон бор, жигарим. Сенга маслаҳатим: буни ҳам тинч қўйма. Бурчакка сиқиб олиб боравер.
Шундай сайраб берадики… Асадбек қафасга тушиб қолганини ўзи ҳам билмай қолади.
— Сенинг ишинг осон, — деди Солиев. — Кўрдинг, гирибонидан бўғдинг, қафасга тиқдинг.
— Ҳамдам ака қадим замонда миршаб бўлишлари керак эди, — деди Зоҳид, майорни қувватлаб. — Ўғрини ушлардилару қўлларини кесардилар, тамом-вассалом.
— Қадим замонда сен ўйлаганчалик бўлмаган, — деб эътироз билдирди майор Солиев. —
Жиноятчини қози сўроқ қилган, гувоҳларни эшитган. Гуноҳ аниқ исботланганидан кейин жазо берган. Каттагина подшолик зиндонига нари борса ўттиз-қирқ одам сиғади. Темур замонасида ўғирлик деган нарса унутилган экан. Бир бола бошига бир товоқ олтин қўйиб мамлакатнинг кунчиқар чегарасидан пиёда юриб кунботардаги чегарасига етгунча йигит ёшига етаркану аммо товоқдаги олтинга биров тегмас экан. Бундан хулоса шуки, қадим замонда ҳукм қатъий бўлган. Одамлар гуноҳлари учун қандай жазо олишларини билганлар, билганлари учун қўрқиб, ўзларини тийганлар. Ўғирлик қилдими, гуноҳи исботландими, тамом, қўли кесилади. Бошқача жазо бўлиши мумкин эмас. «Бу ўғри бекнинг амма-холасига жигар экан, жазони енгиллаштиринг, илтимос, қўлига игна санчиб қўя қолинг» дейилмаган. Яқинда бир йигитча «ўтмишда темир қошиқ бўлмаган, шавлани қандай ейишган, а» дейди. Сенларнинг гапларинг ҳам ўша боланикидан қолишмайди. Назарларингда одил суд ўн еттинчи йилдан кейин пайдо бўлган, а?
— Энди биз билганимизни гапирамиз, ака, — деди Ҳамдам. — Лекин қадим замонда фақат адолат бўлган, деган гапингизга қўшилмайман. Гуноҳни исботлаш учун иккита гувоҳ керакмиди? Ўша замонда иккита аҳмоқ, иккита ғаламис, иккита иғвогар топилмаган, дейсизми? Минглаб каллалар ўша ғаламисларнинг гувоҳлиги билан узилгандир? Зиндонда кам одам бўлишига бошқа сабаб бордир. Подшолар жиноятчиларни қайта тарбиялаш билан шуғулланишмагандир. Жиноят қандай жазога лойиқ? Ўлимгами? Кесилсин, осилсин, чопилсин, тамом! «Беш йилдан ўн йилгача ахлоқ тузатиш колониясига юборилсин» деган гап бўлмаган, дейман, а? Улар тўғри қилишган. Мана, Асадбекни юз йил ахлоқ тузатиш колониясида сақланг, фойда бўлармикин?
— Адашганлар-чи? — деди Зоҳид, унинг гапини бўлиб.
— Адашганларми? — Ҳамдам бир оз ўйланди. — Агар чиндан ҳам адашган бўлса, кечириш керак. Агар адашган одам қамалса, ўндан бири тузалади, бир қисми аламзада бўлади, бир қисми қамоқдаги «жиноят малака ошириш курсида» таълим олиб чиқади. Лекин ким адашди, ким астойдил тавба қилди, билиб бўлмайди-да. Сен раҳм қилган одамни биттаси шу Намозовми? Энди у тамом бўлган олим. Ҳалқумини ҳаром қилдими, энди нафсини ўлса ҳам тиймайди.
Машина депара ички ишлар бўлими қаршисида тўхтаб, Ҳамдам тушиб қолди. Кўп ўтмай майор Солиев машинани тўхтатди. «Ҳамдам билан қиладиган ишим бор», деб у ҳам тушди.
***
Зоҳид Чувринди билан учрашувга тайёрланиш учун атайин барвақтроқ келаётган эди.
У Маҳмуд Эҳсоновни Элчиннинг тўйида кўрган эди. У ҳақда жуда оз нарса биларди.
Билганларининг қай бири ҳақиқат, қай бири миш-миш, ҳали фарқига бормаган эди. Дастлабки учрашув чигални ечишдаги дастлабки уриниш бўлмоғи мумкин. Зоҳид шу соҳага кирганидан бери кўп одамни сўроқ қилди. Лекин бугунгисининг бошқачароқ бўлишини кўнгли сезарди. Ҳар ҳолда лақаби «Чувринди» бўлгани билан киссавур ёки йўлтўсар эмас, ҳатто, бу олам ибораси билан айтилганда, «торпедо» — бир-икки пулдорни ҳимоя қиладиган зўрлардан ҳам эмас. Асадбеклар ҳақида сўз кетгудай бўлса, майор Солиевнинг унга ҳамиша юқори баҳо бериши бежиз эмасдир. «Тарози палласини у томон босиб турибди, — деб ўйлади Зоҳид. — Мен улар ҳақида оз нарса биламан, улар эса мени беш қўлдай яхши билишади. Ҳатто акамнинг қотилларигача билишади. Мен уларни жиноятчи деб гумон қиляпман. Менга тегишли тарози палласида фақат гумон бор. Гумон пуфакка ўхшайди. Шишиб, баҳайбат тус олавериши мумкин, аммо тош босмайди. Аксинча, вақти келиб ёрилса, одамни шарманда қилади». Зоҳид шу хаёллар билан идорасига яқинлашиб, Анварни кўрди-ю, ажабланди. Ҳатто «бирон кори ҳол бўлдимикин?» деб хавотирланди.
— Ҳабиб ака тинчмилар? — деб сўради салом-аликдан сўнг.
— Ҳабиб акангизнинг ишлари беш. Масковдан нари Лондонга жўнаб қолибдилар. Халқаро академияга аъзо бўладилар, деган хабар эшитдик.
Зоҳид Анварни ичкари бошламоқчи бўлди. Анвар ишга шошаётганини баҳона қилиб, унамади.
— Кеча бир гап эшитиб, шуни айтгани келган эдим, — деди у, соатига қараб олиб. —
Тунов куни бир одамни осиб ўлдириб, ёқиб юборишган экан, эшитгандирсизлар?
— Эшитдик, — деди кулимсираб Зоҳид.
— Ҳа-я, — деди Анвар ҳам кулимсираб, — сизлар эшитмаган, билмаган гап бўлмайдику.
Хуллас, ўша йигит Асадбекнинг одами эмишми?
— Шунақа миш-миш бор.
— Аниқ гап эмасми, ҳали?
— Исботланмаган гап биз учун миш-миш.
— Хўп, миш-миш бўлса бўла қолсин. Менинг бир жонажон дўстим бор, Элчин, эшитганмисиз? Ўша Асадбекнинг куёви бўлган. Ўн йил ўтириб келди.
— Эшитганман.
— Лекин бегуноҳ қамалганини билмайсиз. Хотинини ўлдирмаган эди.
— Туҳмат билан кетганмиди?
— Балки туҳматмасдир. Айбни бўйнига олган, у ўжар. Нимага шундай қилганини мен ҳам тушунмайман.
— Бўйнига олган бўлса… балки жаҳл устида ёки кайфда…
— Йў-ўқ, унақа боламас у. Одам ўлдиролмайди. Одам ўлдириш осон эканми?
— Қийинми?
Анвар «калака қиляптими ё жиддий сўраяптими?» деб ўйлаб Зоҳидга қаради. Зоҳиднинг кўзларида қувлик нишонаси йўқ эди. Шу сабабли саволга жавоб беролмай ўйлашга мажбур бўлди.
— Билмадим, — деди ниҳоят. — Ҳар ҳолда қийин бўлса керак. Одам қўй эмас, пичоққа бўйнини тутиб берадиган… Гапнинг қисқаси, Асадбек куёвидан гумонда экан.
— Қанақа гумон?
— Тушунмадингизми? Менинг ўша ўлдирилган одамимда қасдинг бормиди, дегандай қилибди.
— Нима учун гумонсирайди?
— Ҳайронман… билишимча, Ноиланинг ўлимида унинг ҳам ҳиссаси бўлгандир-да.
— Буни дўстингиз айтдими?
— Йўқ, бу ўзимнинг гумоним, — Анвар шундай деб Зоҳиднинг жиддий тикилиб турган кўзига қараб, кулимсиради.
— Нимага куляпсиз? — деди Зоҳид ажабланиб.
— Яхши ҳам хонангизга кирмаганим. Тикка туриб олиб шунчалик сўроққа тутяпсиз, ичкарида кечгача тергов қиларкансиз-да, а?
— Ишимиз шунақа-да, хафа бўлманг.
— Ҳазиллашдим. Бу ерга келишимдан мақсад — ўша ўлим билан шуғулланадиган одамни танисангиз тайинлаб қўйсангиз, Элчиндан гумон қилиб юрмасин, иғволарга учмасин. Асадбекдан ҳар балони кутиш мумкин-да. Кўр ҳассасини бир марта йўқотар экан, кўзи очиқлар икки марта йўқотмасин, тағин.
— Яхши, айтиб қўяман. Лекин… ўртоғингизни сўроққа чақиришга тўғри келади-да.
— Нима учун?
— Ҳақиқатни ойдинлаштириш учун. Уни гумондан халос этиш учун.
— У одам ўлдирилганида Элчин Фарғонада эди. Кеча келди. Мен ўзим икки марта уйига бордим. Дарвозаси берк эди.
— Сиз хавотир олманг, бегуноҳ одамни гумонга қурбон қилдириб қўймасмиз.
Анвар хайрлашиб, изига қайтар чоғида Зоҳиднинг саволларини бир-бир эслаб, «оғайнимга ёрдам бераман, деб ишини чалкаштириб юбордим шекилли», деб келганига пушаймон еди.
Зоҳид учун эса бу кутилмаган учрашув, кутилмаган гаплар калавани яна чигаллаштирди. «Ҳамонки Асадбек куёвидан гумонсирабдими, бунда бир гап бор, — деб ўйлади у. — Ажаб… нима учун айнан Жамшидни ўлдирди, деб гумон қиляпти? У ҳолда Жалол Комиловни ким ўлдирган? Куёвидан гумонсирадими, демак… гуруҳлар уруши эмас бу. Унда Мақсуд аканинг фикрлари тўғри бўлиб чиқади. Гуруҳлар ҳали олишув учун пишиб етилмаган, олишувнинг бошланишига асос йўқ ҳали. Хўш, унда ким? Балки бирон-бир гуруҳ Элчинни ўзига оғдириб олишга ҳаракат қилгандир. Асадбекнинг гумони шундадир?…»
Зоҳиднинг хаёли Чувринди келгунига қадар шу муаммолар билан банд бўлди. Маҳмуд Эҳсонов айни айтилган вақтда, бир дақиқа нари-бери қилмаган ҳолда келди. У билан бирга хонага ёқимли атир ҳиди ҳам кирди. Чувринди кун иссиқ бўлишига қарамай, оқ-пуштига мойил костюм кийган, қизил галстук боғлаб олган эди. Сочларини силлиқ тараган, ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғига тилла узук таққан одамни биров «Чувринди» деб чақирса, кулгили ҳолат юз берарди.
Чувринди башанг кийингани билан ҳаракатида, қарашларида, ҳол-аҳвол сўрашаётганидаги овозида кибр сезилмади. Унинг бу қадар маданиятли бўла олишини
Зоҳид ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган эди.
Уларнинг орасида — уриниброқ қолган ёзув столи. Аслида, ҳаётнинг қитмирликлари олдида ожиз қолишмаганида илм бобида баҳс юритиши мумкин бўлган икки одам прокуратура маҳкамасида юзма-юз ўтирар эди. Юзаси иссиқ чойнак изларидан доғланган бу стол жуда кўп одамни кўрган, аммо илм кўчасидан нари кетишга мажбур бўлганларнинг учрашувига энди гувоҳ бўлгандир. Уларнинг тақдирларида юзма-юз келиш бор экан.
Маълум бир нуқтада илм кўчасидан бурилмаганларида эди, айни фурсатда қайси бир илмий кенгашда даврнинг муҳим илмий муаммоси бўйича баҳс юритган бўларми эдилар.
Зоҳид ярим йўлда бошқа кўчага бурилди. Чувринди ҳали илм кўчасига яқин ҳам келмаган эди. Катта шаҳарга ўқирман, деган умидда келди-ю, бошқача «ўқиш»га кириб қолди. Бу «ўқиш»ни аъло даражада адо этгани учун «муаллим»лари уни ўз ёнларида олиб қолдилар. Унинг зийрак ақли қачондир шу маҳкамада сўроқларга жавоб беражагини биларди.
(давоми бор)
Тоҳир МАЛИК