АҚШ фашист концлагерининг собиқ қўриқчисини Германияга бадарға қилди
Депортация қарорини ўтган йилда Бергер яшаган Теннесси суди чиқарган эди. АҚШ судининг бундай қарор чиқаришига Германия шимолидаги Целле шаҳри прокуратураси Бергер 1945 йилда Гамбург яқинидаги Нойенгамме лагерларидан бирида маҳбусларни ўлдиришда иштирок этганини тергов қила бошлагани туртки бўлган.
Бироқ декабрь ойида Германияда Бергерга қарши иш ёпилди.
Бергернинг ўзи бир неча ҳафта давомида Голландия чегараси яқинидаги Меппен ҳудудида маҳбусларни қўриқлаганини тан олган, аммо у ҳеч қандай қотиллик ёки маҳбусларга нисбатан ёмон муносабатга гувоҳ бўлмаганини айтган.
Аввалроқ АҚШ суди Бергер қўриқлаган лагердаги маҳбуслар «даҳшатли» шароитда сақланганини айтган эди. АҚШ Адлия департаментига кўра, маҳбуслар у ерда «ҳолдан тойгунича ва ўлиб қолгунича» ишлашга мажбурланган.
Бергер самолёт орқали Франкфурт-Майн аэропортига юборилди. Германия ҳукумати у эркин одам эканини ва ҳозирда унга қарши жиноят иши йўқлигини маълум қилди.