CIT: Украина чегарасида Россия ҳарбий техникаси ҳаракати кузатилди
Гуруҳнинг билдиришича, ҳарбийларни Россиянинг бошқа ҳудудларидан Украина чегараларига жамлаш жараёни ниҳоясига етган бўлиши эҳтимол. Чунки авваллари ҳудудга техника темир йўл ёки танк ташувчи юк машиналарида олиб келинган бўлса, эндиликда ҳарбий техника ўзи ҳаракат қила бошлади.
“Техника эҳтимолий ҳужум уюштириладиган асосий позицияларга жойлаштирилаётган бўлиши мумкин”,-дейилади хабарда.
CIT қўлга киритилган маълумотларда чегара яқинидаги рус ҳарбийлари оғир шароитларда яшаётгани, марказлаштирилган озиқ-овқат таъминоти йўқлиги қайд этилганини таъкидлаган.
“Қўшинни узоқ пайт бундай аҳволда ушлаб туриш мумкин эмас. Шунинг учун яқин кунларда ё ҳужум қилинади ёки ҳарбийлар қисман олиб чиқиб кетилади”,-деб ёзади гуруҳ тадқиқотчилари.
АҚШ ва Ғарб давлатлари разведкасининг билдиришича, Россия Украина билан чегарага 150 минг аскар ва ҳарбий техникани жамлаган.