Самарқандда икки яшар боласини калтаклаган онага жиноят иши очилди
![Самарқандда икки яшар боласини калтаклаган онага жиноят иши очилди](https://gdb.rferl.org/08090000-0a00-0242-79fe-08da4fcfdfbf_w800_h450.jpg)
16 июнь куни Самарқанд вилояти Пайариқ тумани прокуратураси томонидан туманнинг “Бошқўрғон” маҳалласида яшовчи 34 яшар аёлга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми (вояга етмаган шахсни қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Бу ҳақда вилоят ИИБси хабар қилди.
Маълум бўлишича, жиноят иши қўзғатилишига ижтимоий тармоқларда 16 июнь куни пайдо бўлган видеолавҳа сабаб бўлган. Видео тасвирларда она ўз боласини ухлата олмагани боис аввалига ургани, сўнг отиб юборгани акс этади. Шифохона палатасидаги аёл ҳамхонаси билан суҳбатлаша туриб, боласининг бошига бир неча марта урган, бу билан ҳам қаноатланмай уни қаттиқ силкитиб, отиб юборгани кўринади. Айбловлар тасдиқланса, аёл бир неча йилгача озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ томонидан тарқатилган ахборотда аёл боласини калтаклаганида руҳан тушкун ва асабий ҳолатда бўлгани айтилади. Бола қандай хасталикдан даволанаётганига аниқлик киритилмаган.
“Ушбу болакай улғаяётган оила билан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳозирда тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда белгилаб олинмоқда”, деди Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати бошлиғи Жаҳонгир Саъдуллаев.
Шу йилнинг қиш фаслида тошкентлик 26 яшар она Тошкент Ҳайвонот боғида 3 яшар боласини айиқ қафасига улоқтиргани жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлганди.