Тошкентда 32 та йўналишдаги автобуслар брутто-шартнома асосида хизмат кўрсатади
Тошкент шаҳри бўйлаб ҳаракатланадиган 32 та йўналишдаги автобусларда июль ойидан хизмат кўрсатиш янги турдаги брутто-шартнома асосида амалга оширила бошлаган. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, президентнинг 2023 йил 16 февралдаги қарорига асосан Тошкент шаҳридаги мунтазам автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизимига босқичма-босқич ўтказиш белгиланган.
Шу муносабат билан, июль ойидан бошлаб, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибидаги автобус саройлари томонидан хизмат кўрсатилаётган 17т, 20, 73, 86, 98, 101, 146, 140 130,129, 116, 82, 68, 63, 61, 55, 52, 45, 43, 41, 39, 9т, 8, 125, 151, 133, 138, 153, 154, 181, 183, 104-сонли автобус йўналишларида хизмат кўрсатиш янги турдаги брутто-шартнома асосида амалга оширила бошлагани маълум қилинди.
Автобусларда “кунлик планлар”нинг бекор бўлиши
Тошкентда 5 май кунидан бошлаб, 5, 11, 18, 19, 37, 44, 67, 77, 83, 136, 139, 142, 72 ва 81-сонли пойтахт бўйлаб ҳаракатланувчи автобус йўналишларида хизмат кўрсатиш янги турдаги брутто-шартнома асосида ташкил этилган.
Брутто-шартномалар — бу йўловчи ташишни ташкил этиш модели бўлиб, унда барча тушумлар шаҳар бюджетининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади ва шаҳар маъмурияти йўловчи ташувчига йўналишлар бўйича тўловларни бажарилган иш ҳажмидан келиб чиқиб, сифат назорати остида ўтказиб беради.