UzAuto Cobalt учун шартномаларни очишни рад этди
18 март куни ўзбек Telegram сегментида Chevrolet Cobalt’нинг Style AT ва Midnight комплектацияларига шартномалар яқин кунларда очилиши ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Шу куни кечқурун UzAuto Motors ушбу хабарларни расман инкор этди. Компания мазкур маълумотларни сохта ва ҳақиқатга тўғри келмайди, деб атади.
Шу билан бирга, компания шартномаларнинг аниқ қачон очилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.
Шунингдек, Cobalt нархлари ошиши ҳам кутилмаяпти — нархлар ўзгариши 15 кун олдин эълон қилиниши шарт ва ҳозирча бундай хабар берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча йилдирки, бюджет автоларнинг сотуви фақатгина UzAuto Savdo платформасида, мураккаб техник жараёнлар орқали амалга оширилиб келинмоқда. Шартнома олиш учун омад керак ва кутиш муддати 6-9 ойни ташкил этади.