Android Auto’да энди тўлиқ ўйинлар мавжуд
Аввал Android Auto’да GameSnacks тўпламидаги оддий ўйинлар мавжуд эди ва улар учун алоҳида илова ўрнатиш талаб қилинмасди. Энди эса смартфонга ўйинни ўрнатиб, тўлиқ версияларни ҳам ўйнаш мумкин бўлди.
Ҳозирча Candy Crush, Angry Birds ва Beach Buggy Racing каби ўйинлар қўллаб-қувватланмоқда. Айрим фойдаланувчилар Farm Heroes Saga ўйинини ҳам ишга тушириш мумкинлигини айтишмоқда, бу эса Google турли ўйинлар билан тажриба олиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, Android Auto’да ўйинлар жуда секин ишламоқда, экран жавоб вақти паст ва сенсорли бошқарув ҳар доим ҳам самарали эмас. Сенсорсиз дисплейга эга автомобилларда эса бу функция умуман ишламаслиги мумкин.
Google ҳозирча ўйинларни автомобиллар учун мослаштирмаган. Масалан, Beach Buggy Racing’да смартфонни ғилдиракдек буриш орқали бошқариш талаб қилинади, бу эса автотизим учун ноқулай.
Ҳозирги ҳолатда Android Auto’да ўйинлар тўлиқ ишламаяпти — Angry Birds ўйини ҳеч қандай ишга тушмайди. 14.1 версиядаги янгиланиш келаси ҳафтада чиқиши кутилмоқда, аммо унда ўйинлар функцияси сақланадими — ҳозирча номаълум.