Эронда Исроилнинг «бош жосуси» қатл этилди
Муҳсин Лангарнишин Исроил разведкасининг манфаатлари учун ишлаганидан ташқари, Ислом инқилоби соқчилари корпусининг юқори лавозимли полковниги Ҳасан Сайёд Ҳодаийнинг ўлдирилишига ҳам алоқадорликда айбланган. У 2020 йил октябрь ойидан бошлаб Моссад билан ҳамкорлик қилиб келган.
Эрон суд тизими Лангарнишинга нисбатан ўлим жазосини тайинлаган бўлиб, ҳукм «тўлиқ суд жараёни»дан сўнг мамлакатнинг Олий суди томонидан тасдиқланганидан кейин ижро этилган. Агентлик суд жараёнининг қачон ўтказилгани ҳақида маълумот бермади, аммо ҳукмнинг қонуний жиҳатдан барча босқичлардан ўтгани таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, охирги пайтларда Эрон ва Исроил ўртасида турли сабаблар билан кескин муносабатлар кузатилмоқда. Томонлар бир-бирларини жосуслик ҳамда қўпорувчилик фаолиятларида мунтазам айблаб келмоқда. Эрон махсус хизматлари мамлакат хавфсизлигига таҳдид қилувчи шахсларга нисбатан қаттиқ чоралар кўришда давом этаётганини бир неча марта маълум қилган. Бу воқеа ҳам икки давлат ўртасидаги қарама-қаршиликнинг навбатдаги кўриниши сифатида баҳоланмоқда.