Ҳиндистонда футбол ўйини асаларилар ҳужуми туфайли вақтинча тўхтатилди (видео)
Маълум бўлишича, ўйиннинг 28-дақиқасига келиб, стадионнинг юқори қисмида асаларилар пайдо бўлган ва ўйин вақтинчалик тўхтатилган. Асалариларнинг майдондан узоқлашишини кутиб турган футболчилар ва ҳакамлар тез орада ўйинни қайта бошлашган. Бироқ, учрашув яна бир неча дақиқадан кейин тўхтатилган, чунки асаларилар яна майдонга қайтиб келиб, ҳакамлар ва мухлисларга ҳужум қилган.
Вазият ўта кескин тус олганидан сўнг, трибунадаги мухлислар зудлик билан стадионни тарк этган, ҳакамлар эса ўз хавфсизлигини таъминлаш учун ҳўл сочиқларни бош ва энсаларига ташлаб, майдонга юзтубан ётишга мажбур бўлишган. Мазкур ғайриоддий ҳолат сабаб учрашув яна бир муддат тўхтатиб қўйилган.
Ҳодисага ечим сифатида ҳакамлар бригадаси ўз либосини ўзгартиришга қарор қилган: сариқ рангли либос ўрнига, қора рангли либос кийиб, ўйин қайта тикланган. Мазкур чора асалариларни чалғитиш учун самара берган.
Якунда қизиқарли ҳолатга бой бўлган мазкур баҳсда «Мумбай Сити» жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Суперкубокнинг ярим финал босқичига йўл олди. Ушбу ўйиндаги асаларилар ҳужуми, табиийки, жаҳон футбол оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинмоқда ва мухлисларнинг диққатини жалб қилди.