Америкалик пенсионернинг 330 млн долларлик биткоини ўғирланди
Маълум бўлишича, бу жиноят ижтимоий муҳандислик йўли билан амалга оширилган, яъни фирибгарлар пенсионернинг ишончига кириб, унинг крипто ҳамёнига эгалик қилиш имкониятига эга бўлганлар.
Жиноятчилар пулларни қайтариб олиш имкониятини максимал даражада қийинлаштириш учун жуда мураккаб тизим орқали маблағларни бир нечта қисмларга бўлиб, 300 дан ортиқ крипто-ҳамён ва 20 га яқин криптовалюта биржалари орқали «ювиб кетишган». Пулларнинг катта қисми эса бутунлай кузатиб бўлмас ва махфий ҳисобланган XMR (Монеро) тангаларига айлантирилган.
Экспертлар ушбу ҳолатни крипто-жиноятчилик тарихида энг йирик ва изсиз ўғирликлардан бири сифатида баҳоламоқда. Уларнинг фикрига кўра, бундай ҳолатларда ўғирланган маблағни қайтариб олиш деярли иложсиз ҳисобланади.
Мазкур ҳодиса крипто-ҳамён эгалари ва инвесторлар учун яна бир жиддий огоҳлантириш бўлди. Мутахассислар крипто-валюта билан шуғулланувчиларни ўз ҳамёнлари хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ҳар қандай шубҳали фаолликка нисбатан жуда эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.