Гуллит “Барселона”ни ҳимоя қилди: “Интер”га қарши ўйинда ҳакам адолатсизлик қилди
Гуллит, айниқса, Кубарси ва Лаутаро Мартинес ўртасидаги пенальти тайинланган вазиятга жиддий эътироз билдирди:
“Бу эпизодда пенальти бўлиши мумкин эмасди. Бу оддий ўйин ҳаракати, ҳеч қандай қоидабузарлик кўринмаган. Ҳакам бу ҳолатда эҳтимол, босим остида нотўғри қарор қабул қилди.”
Шунингдек, у “Интер”нинг учинчи голи олдидан Думфрис томонидан содир этилган ҳолатга ҳам тўхталди:
“Бу гол умуман ҳисобга олинмаслиги керак эди. Думфрис Барселона ҳимоячиси Жерар Мартинни тўсиб қўйди ва тўпга етишиш имконини чеклади. Бу аниқ қоидабузарлик. Унинг гавдасини қандай қўйганини кўрсангиз, бунинг олдиндан режалаштирилгани сезилади.”
Гуллит шунингдек “Барселона”нинг ўйинини мақтар экан, уларнинг нафақат салоҳияти, балки мухлисларга бағишлаган туйғулари ҳақида ҳам сўз очди:
“Барса” бу икки учрашувда ҳам юрак билан ўйнади. Улар ғалаба қозонишга лойиқ эди. Ҳақиқий жамоа, ҳақиқий футбол, ҳақиқий характер — шунинг учун улар мухлислар қалбини забт этди. Лекин афсуски, натижа бунга мос бўлмади.”
Эслатиб ўтамиз, “Интер” ва “Барселона” ўртасидаги жавоб учрашуви 4:3 ҳисобида якунланди ва миланликлар умумий 7:6 натижа билан финалга йўл олди. Шимон Марчинякнинг ҳакамлик фаолияти ўйиндан сўнг нафақат “Барса” мураббийи Ханс-Дитер Флик, балки жамоа аъзолари томонидан ҳам танқидга учради.
Руд Гуллитнинг бу сўзлари эса футболда адолат ва ҳакамлик сифати атрофидаги муҳокамаларни янада қизитиши аниқ. Шундай экан, бу баҳс бир муддат футбол майдонида тўхтаган бўлса-да, жамоатчилик муҳокамасида ҳали узоқ давом этади.