Россияга визасиз келувчилар учун QR-код мажбурий бўлади
QR-кодсиз чегарадан ўтиш мумкин эмас
Тизим талабига кўра, Россияга визасиз тартибда келувчи шахслар махсус мобил дастур орқали рўйхатдан ўтиб, QR-код олиши керак бўлади. Бу QR-код чегарадан ўтиш пайтида мажбурий тарзда тақдим этилиши зарур бўлади.
Рўйхатдан ўтиш учун нима қилиш керак?
Ариза юбориш жараёни жуда содда:
- «Gosuslugi RuID» иловасида шахсий кабинет яратиш;
- фотосурат ва шахсий маълумотларни юклаш;
- Россияда бўлиш даврини кўрсатиш.
Мазкур ариза Россияга келишдан камида 72 соат олдин тўлдирилиши лозим. Агар сафар тўсатдан — мисол учун, яқин қариндош вафоти ёки шошилинч тиббий сабабларга кўра амалга оширилаётган бўлса, аризани 4 соат олдин ҳам юбориш мумкин.
Қандай шахслар рўйхатдан озод этилади?
Баъзи тоифадаги фуқаролар ушбу тартибдан озод этилади:
- Беларусь фуқаролари;
- 6 ёшгача бўлган болалар;
- виза, вақтинчалик ёки доимий яшаш рухсатномасига эга шахслар.
6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун аризани уларнинг ота-онаси ёки қонуний вакиллари топширади. Улар ҳам ўз шахсий рўйхатдан ўтиш кодини олишлари керак бўлади.
Zamin.uz таҳририятидан:
Янги тартиб Россияга борувчи ўзбекистонликлар учун муҳим ўзгариш бўлиб, сафар олдидан тайёргарликни янада аниқ ва режали қилишни талаб этади. QR-кодсиз чегарадан ўтиш имкони бўлмаслиги сабабли, ҳар бир сафар қилувчи ушбу янгиликка тайёр бўлиши керак. Сиз буни қандай баҳолайсиз? Яхши тартибми ёки ортиқча юкми?