Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини 2028 йилгача учиришни режалаштирмоқда
Лойиҳа доирасида Ўзбекистон дунёдаги етакчи компаниялардан бири — Илoн Маскга тегишли SpaceX билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳамкорлик мамлакат учун юқори технологияларни ривожлантиришда янги имкониятлар очади.
Иброҳимовнинг таъкидлашича, сунъий йўлдошни орбитага чиқариш катта режалаштириш ва техник тайёргарликни талаб қилади. Космик агентликлар томонидан берилган «учириш ойналари» олдиндан брон қилиниши лозим, чунки бўш сессиялар сони чекланган.
Шу боис, келишувлар ўз вақтида тузилиши ва барча шартлар тайёрланиши керак. Лойиҳанинг муҳим қисми — юқори малакали кадрлар тайёрлаш. 2024 йилда Ўзбекистондан 7 нафар талаба Япониянинг Кюсю технологик институтига магистратурага ўқишга юборилган. Улар сунъий йўлдошни лойиҳалаш, йиғиш ва учиришга тайёрлаш билан шуғулланишади. Таълим 2027 йилда якунланса, учириш 2028 йилгача амалга оширилиши мумкин.
Ўзбекистон 2023 йилда космосни тадқиқ этишга оид халқаро битимга қўшилган ва 2022 йилда Қозоғистон билан ҳукуматлараро келишув имзолаган. Шунингдек, лойиҳа Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам амалга оширилиши мумкин.