Мбаппега дриблинг эмас, жонкуярлик ўргатилмоқда — Алонсо ёндашуви
Алонсо ўз баёнотида Мбаппега дриблингни эмас, жамоавий руҳ, интизом ва тўпсиз ҳаракатлар муҳимлигини тушунтираётганини айтиб ўтди:
“Унга дриблингни ўргатиш мен учун қийин. Чунки у бу соҳада аллақачон дунё даражасида. Лекин майдондаги иштиёқ, жонкуярлик ва тўпсиз вазиятлардаги фаоллик — мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратаяпмиз,” — деди мутахассис.
Бу сўзлар орқали Хаби Алонсо жамоавий прессинг, ҳимояда ёрдам бериш ва юқори темпда ҳаракат қилиш каби омилларга урғу бермоқда. Унинг мураббийлик фалсафасига кўра, ҳар бир футболчи нафақат ҳужумда, балки ҳимояда ҳам фаол бўлиши шарт.
Мбаппе каби юлдузлар учун бу янги чақириқ бўлиши мумкин. Чунки у кўп ҳолларда индивидуал ҳаракатлар билан фарқ қиларди. Энди эса “Реал”да барча майдонда ишлаши, ҳимояда ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак бўлади.
Француз ҳужумчисининг сафга қайтиши жамоа мухлислари учун кутилган янгилик бўлди. Хусусан, “Ювентус”га қарши кечадиган ҳал қилувчи ўйинда унинг тажрибаси ва салоҳияти жуда муҳим бўлиши мумкин. Мбаппенинг қайтиши билан "Қаймоқранглилар" янада тўлиқ таркибда чемпионлик учун курашга тайёр эканини кўрсатмоқда.
Кўриниб турибдики, Алонсо фақат техник жиҳатларни эмас, балки жамоавий қараш ва интизомни ҳам биринчи ўринга қўймоқда. Бу эса “Реал”нинг келажакдаги муваффақияти учун муҳим омиллардан бири бўлиши шубҳасиз.