Mobiuz 300 миллион долларга сотилиши мумкин
Mobiuz мамлакатдаги тўртинчи йирик мобил оператор ҳисобланади. BMI таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, 2024 йил охирига келиб унинг бозордаги улуши 20,9% ни ташкил қилган. Ўша вақтда Ўзбекистонда умумий абонентлар сони 35,6 миллион нафарни ташкил этган. 2024 йилда Mobiuz 164 миллион доллар даромад ва 41 миллион доллар миқдорида EBITDA қайд этган.
Kомпаниянинг 100% улушини сотиш жараёни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган кенг қамровли хусусийлаштириш дастури доирасида амалга оширилмоқда. Ўзбекистон 29 та йирик компаниядаги активларни хусусийлаштириш орқали камида 10 триллион сўм ($786 миллион) маблағ жалб қилишни режалаштирган. Бу — давлат иқтисодиётидаги улушини камайтириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.
Mobiuz’ни сотиш бўйича тендер 2025 йил июнь ойида эълон қилинган. Қизиққан инвесторлар 1 августга қадар қизиқиш хатларини тақдим этишлари керак. Bitimга консультант сифатида Rothschild & Co жалб қилинган.
VEON компанияси Ўзбекистонда ўз бизнесини кенгайтириш имкониятларини мунтазам ўрганиб бораётганини маълум қилди. Бироқ, у мазкур тендерда иштирок этишини расман тасдиқламади.