Хитойлик талаба чивинга ўхшаш дрон яратди
Бу дроннинг энг асосий афзаллиги – унинг кўзга ташланмаслиги. Шу жиҳати уни махсус операцияларда махфий маълумот тўплашда ажралмас воситага айлантиради. Ихтиро тубдан янгича ёндашувга асосланган бўлиб, унинг корпусига микроҳажмдаги электрон компонентлар – датчиклар, алоқа модуллари, бошқарув схемалари ва энергия манбалари жойлаштирилган.
У ҳавода мустақил парвоз қилиб, ҳашарот қанотларига хос маневрларни амалга оширади. Учта нозик оёқча эса унинг турли юзаларга мустаҳкам қўнишини таъминлайди. Дрон масофадан бошқарилиб, ҳатто смартфон орқали реал вақтда маълумот узатиши ҳам мумкин.
Мутахассислар бу технология яқин келажакда жанг майдонларида ҳам, фуқаролик соҳаларида ҳам фаол қўлланилиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Яширин кузатув, ахборот тўплаш ва хавфсизлик соҳасида бу микродрон муҳим роль ўйнаши кутилмоқда.