Самарқандда учрашув ўлим билан тугади: эр хотинини бўғиб ўлдирди
Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида содир бўлган мудҳиш фожиа бутун жамоатчиликни ҳаяжонга солди. 2025 йил 26 июль куни рўй берган воқеа ҳақида “Millar” дастури орқали маълум қилинди. Тафсилотларга кўра, туманда истиқомат қилувчи 33 ёшли қўшиқчи аёл ўз уйида ҳалок бўлган.
Мусофирликда ишлаб юрган аёлнинг собиқ турмуш ўртоғи фарзандларини кўриш мақсадида уйига келган. Аммо, бу учрашув вақтида улар орасида келишмовчилик келиб чиққан ва тортишув оғир жанжалга айланган. Дастлабки маълумотларга кўра, эркак аёлини ўлдиришда гумонланмоқда — у қўллари билан бўғиб, жонига қасд қилган.
Фожиали воқеа оқибатида аёл вафот этган, ортида эса уч нафар ёш бола етим қолган. Марҳуманинг укасининг таъкидлашича, у ўша пайтда ишда бўлган ва онасидан воқеа ҳақида эшитган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахс ҳибсга олинган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Расмий манбалар яқин кунларда қўшимча маълумот берилишини маълум қилмоқда.