2026 йилдан чет эл фуқароларига имтиёзли солиқ тартиби амал қилади
Ўзбекистонда хорижликлар учун махсус солиқ режими жорий этилади, деб “Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режими жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида белгиланди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги талабларга жавоб берадиган чет эл фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлари жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилинади:
– 50 минг АҚШ доллари миқдорида махсус йиғим тўлаш;
– Ўзбекистондаги ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварақ очиш ёки махсус крипто-биржада крипто-ҳамён яратиш.
Бундан ташқари, кетма-кет 12 ойлик давр мобайнида 30 календар кундан ортиқ Ўзбекистонда бўлган ва мамлакатда мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида турар жойга эга бўлган фуқаролар солиқ резиденти сифатида эътироф этилади.