Манчестер Сити Гвардиоланинг ўрнига мураббий қидирмоқда
Манчестер Сити раҳбарияти Хосеп Гвардиоланинг ўрнига янги мураббий номзодларини кўриб чиқмоқда. Ҳозирги кунда испаниялик мутахассиснинг шартномаси 2027-йилнинг ёзигача амал қилади ва ундан сўнг у Англиядаги фаолиятини якунлашни режалаштираётгани айтилади.
TEAMtalk нашрининг хабар беришича, Сити клуби Гвардиоланинг ўрнини босувчи мураббий сифатида собиқ сардор Венсан Компани номзодини кўриб чиқмоқда. Яқинда бельгиялик мутахассис Бавария билан 2029-йилгача янги шартнома имзолаган бўлса-да, Манчестер Сити раҳбарияти Гвардиола билан хайрлашилса, Компанини қайтариш имкониятини синаб кўрмоқчи.
Маълумот учун, Гвардиола 2016-йилдан буён Манчестер Сити бош мураббийи бўлиб ишлайди. Венсан Компани эса ўтган мавсум бошланишидан олдин Баварияни бошқара бошлаган.