“Uzbekistan Global Tour” финали: энг кучли чавандозлар аниқланди
Пойтахтдаги “Universal Horses Stable” мажмуасида конкур бўйича нуфузли “Uzbekistan Global Tour” мусобақасининг ҳал қилувчи — финал босқичи бўлиб ўтди. Мусобақа давомида юртимизнинг энг маҳоратли чавандозлари тўсиқлардан юксак маҳорат ва ишонч билан ошиб, мухлисларга ҳақиқий спорт байрамини тақдим этишди.
Беллашувлар турли тоифаларда ўтказилиб, ҳар бир йўналишда рақобат жуда кескин кечди. Ҳар бир чиқиш нафақат спортчиларнинг тайёргарлиги, балки отлар билан ўзаро уйғунлик, техника ва руҳий барқарорликни ҳам намоён этди.
140 сантиметрли тўсиқлар ўрнатилган “А” тоифасида Дилшод Шокиров “Алонсо 43” лақабли оти билан барчадан устун келиб, ғалабани қўлга киритди. Унинг чиқиши мусобақанинг энг ёрқин лаҳзаларидан бирига айланди.
125 сантиметрли “D” тоифасида Баҳромжон Газиев “Ладй” билан аниқ ва ишончли ҳаракат қилиб, биринчи ўринни эгаллади. 120 сантиметрли “B” тоифасида эса Фирдавсбек Давронбеков “Ваилант II” оти билан муваффақият қозонди.
110 сантиметрли “C” тоифасида Саидли Шукуров “Леффе” оти билан ғалаба нишонлади. 105 сантиметрли “E” тоифасида Ангелина Пастухова “Ирвинг” билан энг яхши натижани қайд этди. 90 сантиметрли “F” тоифасида эса Робия Казимова “Баги” оти билан мусобақани пешқадам сифатида якунлади.
Миллий Олимпия қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу финал босқичи ўзбек конкур спортининг ривожланаётганини, янги истеъдодлар етишиб чиқаётганини яна бир бор исботлади. Мусобақа иштирокчилари ва ғолиблари келгусида ҳам халқаро майдонларда муносиб натижалар кўрсатиши кутилмоқда.