Uzbekistan Airwaysнинг икки рейси Урганчга қўна олмади
Uzbekistan Airwaysнинг Урганчга йўл олган икки йўловчи рейси белгиланган манзилга қўна олмай, Бухоро захира аэропортига йўналтирилди. Бунга Урганч аэропортидаги ноқулай об-ҳаво шароити сабаб бўлди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Гап Москва (VKO) – Урганч (UGC) йўналишидаги HY9616 ҳамда Санкт-Петербург (LED) – Урганч (UGC) йўналишидаги HY9638 рейслари ҳақида кетмоқда. Ҳар иккала парвоз ҳам Airbus A320-251NEO самолётларида амалга оширилган.
Telegramдаги “Тошкент осмони янгиликлари” каналига кўра, экипажлар парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Бухоро халқаро аэропортига қўниш ҳақида қарор қабул қилган. Урганчда ўта совуқ туман кузатилгани ва кўриниш масофаси 100 метргача қисқаргани айтилмоқда.