Битирувчиларнинг дипломлари Европа ва ривожланган давлатларда тан олинади
Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг Кимё ва биология бакалавриат йўналишлари ҳамда шу фанлар бўйича магистратура мутахассисликлари Германиянинг нуфузли ASIIN халқаро аккредитация агентлиги томонидан аккредитациядан ўтказилди. Университет маълумотларига кўра, аккредитация 16 январь куни расмийлаштирилган.
Қайд этилишича, мазкур йўналишлар мамлакатда илк бор ASIIN аккредитациясини қўлга киритган таълим дастурлари ҳисобланади. Бу натижа университетдаги таълим мезонлари, ўқув жараёни сифати, профессор-ўқитувчилар салоҳияти ҳамда илмий фаолиятнинг халқаро талабларга мослигини тасдиқлайди.
Таъкидланишича, 2030 йил 30 сентябргача амал қиладиган сертификатлар ушбу йўналиш битирувчилари дипломларининг Европа ва бошқа ривожланган давлатларда тан олиниши учун замин яратади. Шунингдек, битирувчиларнинг хорижда ўқиши, илмий изланиш олиб бориши ва кимё-биология йўналишларида халқаро меҳнат бозорига чиқиши учун имкониятлар кенгаяди.