Гвардиола Ҳусановнинг “Сити”даги 12 ойлик фаолиятига қандай баҳо берди?
Пеп Гвардиола яна бир бор ўзбек легионери Абдуқодир Ҳусанов ҳақида жуда илиқ ва баланд баҳоли фикр билдирди. “Манчестер Сити” атрофидаги нуфузли манбалардан бири бўлган cityxtra.co.uk сайтида 21 ёшли ҳимоячимиз ҳақидаги материал эълон қилинди ва унда мураббийнинг Ҳусановга муносабати, шунингдек, футболчининг яқин келажаги ҳақида муҳим фикрлар келтирилди.
Маълумки, ой бошида “Челси”га қарши ўйинда Йошко Гвардиол ҳамда Рубен Диаш жароҳат олгач, “Сити”нинг ҳимоя марказида кадрлар танқислиги пайдо бўлди. Ана шу вазиятда Ҳусанов мунтазам равишда марказий ҳимояда майдонга туша бошлади. Қолаверса, муаммоли ҳолат клубни академия тарбияланувчиси Макс Аллейнни мавсум ўртасида “Уотфорд”даги ижарадан қайтариб олишга ҳам мажбур қилди.
Ҳафта охирида “шаҳарликлар” “Вулверхэмптон”ни 2:0 ҳисобида енгиб, яна ғалабалар изига қайтди. 2026 йилни унча шиддатли бошлай олмаган жамоа (барча мусобақаларда сўнгги саккиз ўйиннинг фақат учтасида зафар қучган) ойни кучли якунлаш ниятида.
Яна бир муҳим янгилик — “Кристал Пэлас”дан Марк Гехининг олиб келиниши ҳимоядаги кадрлар муаммосини анча енгиллатди. Англия терма жамоасининг 25 ёшли аъзоси “Этихад”да Ҳусанов билан жуфтликда “Сити” сафида муваффақиятли дебют қилди. Бу эса марказий ҳимоя чизиғида янги, ишончли тандем шаклланаётганидан далолат.
Матбуот анжуманида журналистлар Пеп Гвардиолага Ҳусанов ҳақида савол беришди: унинг “Ланс”дан келганидан кейинги Англиядаги биринчи 12 ойи, жамоадаги ўсиши ва келажак истиқболлари қизиқтирди. Гвардиола эса қисқа, лекин ўта таъсирли жавоб қайтарди:
“Оммавий ахборот воситаларида Ҳусановни қандай мақташганини ўқинг. Улар ҳақ. У энг зўри. Бизда ҳеч қандай эътироз йўқ. Биз ҳақиқатан ҳам жуда мамнунмиз”.
Шу билан чекланиб қолмади. У Ҳусановнинг характерини алоҳида таъкидлади. Мураббийнинг айтишича, 2025 йил сентябрда “Арсенал” билан ўйинда жароҳат олганидан кейин Абдуқодир бир ойча ўйин амалиётисиз қолган, аммо шу даврнинг ўзидаёқ машғулотда, кийиниш хонасида, умумий муҳитда ўзини катта профессионалдек тутган.
Гвардиола бу фазилатларни Ҳусановнинг тарбияси, ота-онаси берган одоби, Ўзбекистондаги муҳит ҳамда Франциядаги қисқа, лекин муҳим тажрибаси билан боғлади. Энг муҳими, у Англия Премьер-лигасига ва тўғридан-тўғри “Манчестер Сити” даражасига тушиб қолиш осон эмаслигини ҳам очиқ айтди. Лекин Ҳусанов “тинглади, ўрганди, қабул қилди” — ва шу орқали жамоага керакли фигурага айланди.
Мураббийнинг энг катта хулосаси эса мухлислар учун янада ёқимли эшитилади:
клуб кўп йиллар давомида энг юқори савияда ўйнай оладиган марказий ҳимоячига эга бўлди. Энди унинг келажакда қайси даражага чиқиши эса, Гвардиола таъбири билан айтганда, фақат Абдуқодирнинг ўз қўлида.
Албатта, Ҳусановнинг яна бир “плюси” — универсаллигидир. У ҳимоянинг ўнг қанотида ҳам, марказида ҳам бирдек ишончли ўйнай олади. Гвардиола эса бу сифатдан анчадан бери унумли фойдаланиб келяпти.
Мавсумнинг иккинчи ярмида “Манчестер Сити” бир нечта фронтда совринлар учун беллашишда давом этаётгани сабаб, Ҳусановнинг яқин ойлардаги роли янада катталашиши кутиляпти. “Вулверхэмптон”га қарши баҳсда “қуруқ” ўйинни таъминлашда ҳам Абдуқодирнинг ҳиссаси сезилди. Энди эса навбатдаги синов — Чемпионлар лигасидаги ҳал қилувчи тўқнашув.
Манбада қайд этилишича, “Этихад”да “Галатасарой”га қарши кечадиган ҳал қилувчи беллашувда Ҳусановнинг асосий таркибда майдонга тушиши эҳтимоли юқори. Мухлис учун эса бу — битта оддий сигнал: Гвардиола ишонч билдирган ўйинчи одатда тасодифан эмас, ҳақиқатан тайёр бўлгани учун ўйнайди.
Қисқаси, Абдуқодир Ҳусановнинг ҳикояси ҳозир энди “имконият берилса кўрамиз” босқичидан чиқиб, “имкониятни ўзига бўйсундирди” деган босқичга киряпти. Ва бу йўлнинг охири, ростдан ҳам, порлоқ кўринаяпти.