Слуцкий бошчилигидаги «Шанхай Шэньхуа» ОЧЛда яна ютқазди
Леонид Слуцкий бошқарувидаги «Шанхай Шэньхуа» Осиё Чемпионлар лигасида навбатдаги учрашувни ҳам очкосиз якунлади. Хитой клуби умумий босқичнинг 6-турида сафарда «Санфречче Хиросима»га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашувдаги ягона гол 78-дақиқада киритилди: мезбонлар сафида ҳимоячи Хаято Араки аниқ зарба билан жамоасига ғалаба олиб келди. Бу натижа «Шанхай Шэньхуа» учун турнирдаги кетма-кет учинчи мағлубият бўлди.
Олти турдан кейин Слуцкий жамоаси 4 очко билан турнир жадвалида 11-ўринда бормоқда. «Хиросима» эса 11 очко жамғарган ҳолда 3-поғонани эгаллаб турибди.