Сербияда ишсиз ва пулсиз қолган бир гуруҳ ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди
Сербияда оғир моддий аҳволда қолган бир гуруҳ ўзбекистонликлар, хусусан, Қашқадарё вилоятидан чиққан юртдошларимиз Ўзбекистон элчихонаси ёрдами билан Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг расмий манбалари хабар бермоқда.
Улар Сербиядаги элчихона консуллик бўлимига мурожаат қилиб, Ўзбекистонга қайтиш учун молиявий имкониятлари йўқлигини маълум қилган. Таъкидлашларича, сербиялик иш берувчи уларни қонуний рўйхатдан ўтказмаган ва расмий меҳнат шартномаси тузмаган, натижада улар уч ой давомида иш ҳақисиз қолган.
Юзага келган оғир вазиятда юртдошларимизнинг қайтишига ёрдам бериш мақсадида элчихона Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Мигрантларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ҳамкорлик қилган.
Ҳамкорлик натижасида улар учун авиачипталар бепул асосда харид қилиниб, юртдошларимиз соғ-саломат равишда Ватанга қайтарилган.