Қозоғистонда ўқув парвози пайти қирувчи самолёт ҳалокатга учради
Бугун 25 февраль куни Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида Су-30СМ русумли ҳарбий қирувчи самолёт аварияга учради. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги расмий маълумот берди.
Вазирликка кўра, ҳодиса режали ўқув-машғулот парвозини бажариш жараёнида содир бўлган. Айни пайтда ҳалокатга нима сабаб бўлгани очиқланмаган.
Маълумотда таъкидланишича, самолёт экипажи ўз вақтида катапультадан фойдаланган. Учувчилар тирик қолган, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий таҳдид йўқ.
Ҳозирда учувчилар тиббиёт мутахассислари назорати остида экани билдирилди. Ҳодиса рўй берган ҳудуд хавфсизлик мақсадида ўраб қўйилган, аҳоли ҳамда инфратузилма объектлари учун хавф мавжуд эмас.
Воқеа сабаблари ва барча ҳолатларни аниқлаш учун махсус комиссия ташкил этилди. Тергов якунларига кўра ҳуқуқий хулоса чиқарилиб, тегишли процессуал қарор қабул қилиниши маълум қилинди.