Рухсатсиз қурилган 1 млн. бино амнистия суриштирувига ҳозирланди
23 апрель куни президент Мирзиёев “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармон асосида ноқонуний қурилган турар жойларга нисбатан бир марталик амнистия эълон қилинди.
"Давергеодезкадастр" қўмитасидан олинган маълумотга кўра, 2016—2017 йиллар давомида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилган.
Натижада аниқланган жами 6,2 миллиондан ортиқ кўчмас мулк объектларининг 5,9 миллиони турар-жой экани маълум бўлган.
Президент фармонига кўра, шу вақтга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса мулк сифатида эътироф этилади.