Фармацевтика агентлиги: Тиббий ниқоб дорихоналарда бўлиши мажбурий буюмлар рўйхатига киритилмаган!
Расмий изоҳда ëзилишича¸ Aдлия вазирлиги томонидан 2016 йил 12 июлда 2809 рақами билан рўйхатдан ўтказилган Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғига биноан, тиббий ниқоб тиббиёт буюмлари рўйхатида мавжуд.
Айни пайтда¸ Адлия вазирлигининг 2016 йил 6 декабрь кунги 2846-сон билан буйруғига мувофиқ¸ тиббий ниқоб барча дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатига киритилмаган.
«Шу боис дорихонада тиббий ниқоб йўқ бўлса, бу учун дорихонани айблаш ёки дорихона ҳодимидан тиббий ниқобларни талаб қилиш нотўғри»¸ дейилади расмий хабарда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги баëнотига кўра¸ Ўзбекистонда жами 15 га яқин тиббий юз ниқоби ишлаб чиқарадиган корхона мавжуд.
«Корхоналар ҳозирги кунда тўлиқ қувват билан ишлаб турибди. Aммо маскага бўлган эҳтиёж юқори бўлгани ва буюртмаларнинг кўплиги сабаб, дорихоналарда айнан шу маҳсулотнинг нархи ошгани кузатилган. Бу режадан ортиқ ишлаб чиқариш билан ҳам боғлиқ ҳолат ҳисобланади»¸ дейилади расмий хабарда.
Ўзбекистонда ҳозирча расман коронавирусга чалинганлик ҳолати қайд этилмаган бўлсада¸ аҳоли орасида эҳтиëт чораси сифатида тиббий ниқоб сотиб олишга эҳтиëжнинг ошгани кузатилмоқда.
Бунинг ортидан дорихоналарда ниқоблар йўқолиб¸ уларни бир неча баравар қимматига сотиш¸ шунингдек¸ контрабанда қилиш ҳолатларининг кўпайгани қайд этилмоқда.
Хусусан¸ 29 февраль куни Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида "сифати кафолатланмаган, тегишли сертификатлари бўлмаган» ниқоб омбори фош этилганини хабар қилди.