Тошкентда 1 гектар ерга эгалик ҳуқуқини $1,4 млн.га расмийлаштиришга уринган мулозим ушланди
Gazeta.uz нашрининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, хабар қилишича, мулозим пойтахтдаги 1 гектар ер учун эгалик ҳуқуқини тадбиркорлардан бирига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг доллар пора олаётган пайтида ушланган.
Хабарда айтилишича, ҳокимият мулозими ва тадбиркор ўртасидаги келишувга биноан, 1 гектар ерга эгалик ҳуқуқини 1 миллион 400 минг АҚШ долларига расмийлаштирмоқчи бўлишган.
Ҳокимлик вакилини Давлат хавфсизлик хизмати ходимлар 25 июнь куни ўтказган тезкор тадбир давомида қўлга олган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси - пора олиш айби билан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинди.
Аввалроқ, маҳаллий нашрлар, Тошкент вилоятида 60 минг доллар пора эвазига 10 гектар ерга эгалик ҳуқуқини тадбиркорга расмийлаштириб беришга уринган туман ҳокими ўринбосари қўлга олингани тўғрисида хабар берганди.
Ўзбекистонда ер давлат мулкидир, ерга эгалик ҳуқуқи сотилади. Республика Ер кодексига биноан, исталган ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжи учун зарур, деб топилган тақдирда давлат томонидан қайтариб олиниши мумкин.