Россиялик мухолифатчи Навальний фуқаровий жасорати учун АҚШ мукофотига лойиқ топилди
Нью-Йоркдаги Train Foundation жамғармаси россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийга фуқаровий жасорати учун мукофот топширишга қарор қилди.
Мукофотни сиртдан топшириш маросими Нью-Йорк университетида бўлиб ўтган. Мукофотни топшириш чоғида Train Foundation вакиллари Навальнийнинг Россиядаги эркинлик ва шаффофлик йўлида амалга оширган ишини эслатиб ўтишган.
Навальнийга берилган мукофотни унинг сафдоши Леонид Волков қабул қилиб олган. У Россия қамоқхонасида жазо ўтаётган Навальний ҳар куни ўз жасурлигини исботлаётганини айтган.
Мухолифатчи Алексей Навальний 2021 йил февралидан буён Россиянинг Владимир вилоятидаги қаттиқ тартибли колонияда жазо муддатини ўтамоқда.
Аввалги суд ҳукми билан 3,5 йилга қамалган сиёсатчи 2022 йил мартидаги суд ҳукми билан яна тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилган. Навальний ва унинг сафдошлари мухолифатчи сиёсий сабабларга кўра қамалганини айтиб келишади. Бу фикрга халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам қўшилишади.