Эрон ракетаси Исроил хавфсизлик марказини нишонга олди
Маълумотларга кўра, ушбу зарба Ислом Инқилоби Қўриқчилари Корпуси томонидан амалга оширилган кенг кўламли ҳарбий операция доирасида қилинган. Корпус баёнотида айтилишича, бу фақатгина вазирлик биносига эмас, балки Исроилдаги бир неча ҳарбий нуқталар, ҳаво базалари ва стратегик объектларга ҳам қаратилган.
— “Бугунги операция давомида Исроилдаги ўнлаб ҳарбий ва стратегик нишонлар қатъий равишда зарбаланди. Улар орасида Миллий хавфсизлик вазирлиги бош қароргоҳининг ҳам борлиги тасдиқланди”, — дейилади корпус тарқатган баёнотда.
Ҳозирча Исроил расмийлари ушбу ҳужум бўйича расмий изоҳ бермаган. Аммо маҳаллий ОАВ хабарига кўра, зарба натижасида бино атрофидаги ҳудудларда зарар кузатилган ва хавфсизлик хизматлари фуқароларни эвакуация қилган.
Бу воқеа Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик янада авж олаётганини кўрсатади. Халқаро экспертлар фикрича, Эрон томонидан хавфсизлик идорасига берилаётган бундай аниқ зарбалар нафақат ҳарбий, балки сиёсий танбеҳ сифатида ҳам баҳоланиши мумкин.
Zamin.uz таҳририяти минтақада юзага келаётган вазиятни доимий равишда кузатиб бормоқда ва воқеалар ривожи ҳақида тезкор маълумот бериб боради.