Индонезия Президентининг мушуги учун давлат даражасида қўриқчи тайинланди
Тўққиз йил аввал Прабово Субианто томонидан асраб олинган Бобби бугунги кунга келиб президентнинг доимий ҳамроҳи бўлиб қолган. Одатда давлат раҳбарлари уй ҳайвонларини жамоатчиликка ошкор қилмайди, аммо Бобби бу қоидани бутунлай ўзгартирди. У қароргоҳнинг нафақат доимий резиденти, балки ижтимоий тармоқларнинг юлдузига айланди.
Боббининг Instagram ва ТикТокъдаги саҳифаларини миллионга яқин инсон кузатади. Унинг видеолари кўпчиликда илиқ таассурот уйғотади ва ҳатто хориждаги мушук ишқибозларида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Махсус қарор эълон қилинганидан сўнг, Боббининг кунлик ҳаракатлари хавфсизлик ходимлари томонидан доимий назорат остига олинди. Озиқланиш ва дам олиш ҳудудлари, юриш маршрутлари махсус протоколга мувофиқ ташкил этилган. Қароргоҳ атрофида қўшимча камералар ўрнатилди ва хавфсизлик режими кучайтирилди.
Бу янгилик Индонезия жамоатчилиги орасида турли фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди. Баъзилар буни ажабланарли деб қабул қилса, бошқалар Президентнинг табиат ва ҳайвонотга нисбатан самимий муносабати сифатида қабул қилмоқда.
Боббига давлат даражасида қўриқчи ажратилиши — мамлакат тарихида биринчи бор кузатилмоқда. Эндиликда Бобби нафақат ҳимояланган жонивор, балки Индонезиянинг маданий тимсолига айланмоқда.