Иззатилла Шукуров “Миллий ифтихор” мукофотига сазовор бўлди (видео)
Хонанда Иззатилла Шукуров “Миллий ифтихор” мукофоти билан тақдирланди. Ушбу қувончли янгиликни санъаткорнинг отаси — Тоживой Шукуров ўзининг Instagram саҳифаси орқали маълум қилди.
Эълон қилинган видеолардан кўринишича, Иззатилла ушбу хушхабарни энг аввало отасига етказиш учун унинг ёнига борган. У тантанали равишда қўлга киритган мукофотини отасига кўрсатиб, ҳаяжон билан: “Буларнинг барчаси сизники. Сизнинг меҳнатингиз ва сабрингиз шарофати билан”, — дея таъкидлади.
Отанинг қувончи чексиз эди. Тоживой Шукуров ўғлининг шундай юксак мукофотга муносиб кўрилганидан ғоят хурсанд эканини билдириб, ушбу эътироф бутун оила учун фахр эканини айтди. Шунингдек, у ўғлига бундан-да баландроқ марралар, янада юксак мукофотлар насиб этишини тилаб, самимий табрикларини йўллади.
Мазкур воқеа ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, кўплаб мухлислар Иззатилла Шукуровни ушбу ютуқ билан қизғин табрикламоқда.