Марк Гехи «Ливерпуль»га бепул ўтиши мумкинлиги маълум бўлди
Англия миллий терма жамоаси ҳамда «Кристал Пэлас» клуби ҳимоячиси Марк Гехи келажаги борасида муҳим қарор қабул қилгани айтилмоқда. Оммавий ахборот воситалари тарқатаётган маълумотларга кўра, футболчи «Ливерпуль» клуби билан олдиндан келишувга эришган.
Tribal Football нашри ёзишича, томонлар ўртасидаги келишув келаси йил ёзида кучга кириши мумкин. Эътиборли жиҳати шундаки, 25 ёшли ҳимоячи мерсисайдликлар сафига текин трансфер асосида қўшилиши эҳтимоли бор. Сабаби — Марк Гехининг «Кристал Пэлас» билан амалдаги шартномаси 2026 йил июнь ойи охирида ўз якунига етади.
Гехи 2021 йил ёзидан буён «бургутлар» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда ва жамоанинг асосий устунларидан бирига айланган. Унинг бозор қиймати ҳозирги кунда 55 миллион евро атрофида баҳоланмоқда, бу эса «Ливерпуль» учун жуда катта фойда дегани.
Жорий мавсумда Англия Премьер-лигасида Марк 16 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол ва 2 та голли узатма билан жамоасига ҳисса қўшди. Универсал ҳимоячи сифатида танилган футболчининг тажрибаси ва барқарор ўйини «Ливерпуль»нинг янги лойиҳасига жуда мос келиши таъкидланмоқда.
Агар ушбу келишув амалга ошса, Марк Гехи келаси мавсумда «Энфилд»даги энг қизиқарли трансферлардан бирига айланиши мумкин. Мухлислар эса ҳимоя чизиғига қўшимча куч келишига умид билан қарамоқда.