«Андижон» Драган Черан билан шартнома имзолагани маълум бўлди
Янги мавсум арафасида олдига катта мақсадлар қўяётган «Андижон» футбол клуби селекция ишларини жадал давом эттирмоқда. Бу гал жамоа Ўзбекистон чемпионати мухлисларига яхши таниш, самарадорлиги билан ном қозонган сербиялик тўпурар Драган Черанни ўз сафига қўшиб олди. Таъкидлаш жоиз, тажрибали ҳужумчи ўтган мавсумни Қаршининг «Насаф» жамоаси таркибида ўтказган эди.
1987 йил 6 октябрда туғилган Черан фаолияти давомида турли мамлакатлар чемпионатларида ўз сўзини айтган. У бунгача «Смедерево 1924», «Вестерло», «Хапоэл Хайфа», «Маккаби Нетания», «Симурғ», «Хаджер», «Вардар», шунингдек, Ўзбекистонда «Пахтакор» ва «Насаф» каби нуфузли клублар шарафини ҳимоя қилган.
Сербиялик форварднинг Ўзбекистондаги карьераси 2016 йилдан бошланган бўлиб, у қисқа фурсат ичида Суперлиганинг энг хавфли ҳужумчиларидан бирига айланди. Айниқса, 2019–2024 йиллар оралиғида кетма-кет олти марта чемпионат тўпурари бўлгани Черан номини тарихга муҳрлаб қўйди. Бу натижа ҳозиргача Суперлигада такрорланмаган рекорд ҳисобланади.
Статистикага назар ташласак, Драган Черан умумий фаолияти давомида 538 та учрашувда майдонга тушиб, 239 та гол урган ва 57 марта жамоадошларига ҳал қилувчи узатма берган. Фақат Ўзбекистон Суперлигасининг ўзида у 226 ўйинда 147 бор рақиб дарвозасини ишғол қилган.
Титуллар борасида ҳам Чераннинг ҳиссаси салмоқли: у 5 марта Ўзбекистон чемпиони, 3 карра Суперкубок соҳиби ва 2 марта мамлакат Кубогини қўлга киритган.
Энди эса бу тажриба ва голлар «Андижон» манфаати йўлида хизмат қилади. Мухлислар умиди катта: Чераннинг келиши билан жамоанинг ҳужум чизиғи янада ўткир ва самарали бўлиши кутилмоқда.