Одиссея фильми трейлери рекорд ўрнатди
2025-йил 25-декабр куни Кристофер Нолан томонидан суратга олинган "Одиссея" фильми трейлери бир сутка ичида 121 миллиондан ортиқ томоша қилинди. Бу ҳақда Forbes нашри WaveMetrix компаниясига таяниб хабар берди.
Мазкур кўрсаткич режиссёрнинг аввалги "Оппенҳеймер" фильми трейлери натижасидан икки баравар юқори. "Оппенҳеймер" трейлери илк 24 соатда тахминан 50 миллион марта кўрилган эди.
"Одиссея" Universal студияси учун йилнинг энг муваффақиятли трейлери бўлди. Кўришлар бўйича энг катта улуш TikTok платформасига тўғри келди — 27%.
Шунингдек, YouTube, Facebook, Instagram ва X платформаларида ҳам фаол томоша қилинган. Фильмнинг асосий мавзуси Гомернинг "Одиссея" достони бўлиб, унда Троя урушидаги ғалабадан сўнг Одиссей сафарлари ҳикоя қилинади.
Асосий ролни Метт Деймон ижро этган. Шунингдек, фильмда Энн Ҳетеуэй, Том Холланд, Зендея, Роберт Паттинсон, Лупита Нионго ва Шарлиз Терон каби актёрлар иштирок этишган.
Фильмнинг бюджети тахминан 250 миллион долларни ташкил этган. Мазкур картинанинг премьераси 2026-йил 17-июлга белгиланган.
Бироқ, чипталар сотилиши релиздан бир йил олдин бошланган.