Навоий олтин конларида 320 миллион долларлик лойиҳа бошланади
Навоий вилоятидаги олтин конларида маъдан қазиб олиш ва қайта ишлашни кенгайтиришга қаратилган 320 миллион долларлик янги лойиҳа ишга туширилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳа доирасида қўшимча 2 миллион тонна маъдан қайта ишланади. Шу билан бирга, Мурунтов конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи амалга оширилади ҳамда кумуш конларини ривожлантириш бўйича 2 миллиард 300 миллион долларлик йирик инвестиция лойиҳалари режалаштирилган. Натижада йиллик қайта ишлаш қуввати 18 миллион тоннага етказилиб, 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннагача оширилади.
Шунингдек, Олмалиқ комбинатида қиймати 2 миллиард 700 миллион доллар бўлган, йилига 300 минг тонна мис катоди ишлаб чиқариш қувватига эга янги металлургия мажмуасини барпо этиш ишлари бошланади. “Самарқанд кимё” заводида эса 381 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига 370 минг тонна фосфорли ва 540 минг тонна мураккаб ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Қашқадарё вилоятида ҳам 200 миллион долларлик кимё заводи қурилиши режалаштирилган. Ушбу корхона орқали маиший кимё, полимер ва синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш учун йилига 50 минг тонна алкилбензол маҳсулоти олиш имкони яратилади.
Умуман олганда, 2026 йилда кимё саноатида 4,5 миллиард долларлик, тоғ-кон металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида 3 миллиард доллардан, электротехника соҳасида 2 миллиард долларлик, фармацевтика йўналишида эса 800 миллион долларлик янги лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, келаси йилда мамлакат экспортини 40 миллиард долларга етказиш, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини эса 55 фоиздан ошириш асосий мақсад қилиб белгиланган.