Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши "фавқулодда чоралар" эълон қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашда "фавқулодда ҳолат" режимига ўтишни эълон қилди.
Давлат раҳбари бюджет маблағларининг сарфланишини қатъий назорат қилишни кучайтириш ва мансабдор шахсларни дахлсизликдан маҳрум қилишга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, барча идораларда комплаенс ва ички коррупцияга қарши назорат учун масъул раҳбар ўринбосари лавозими жорий этилади.
Ушбу мансабдор шахслар, шунингдек, Ҳисоб палатаси вакиллари бевосита Президентга бўйсунади. Янги механизм ўғрилик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва виждонсиз ходимларни тезкор аниқлашга қаратилган.
Президент давлат маблағларининг ҳар бир сўми учун жавобгарлик энди шахсий бўлишини таъкидлади. "Кимки лавозим ёки унвон уларга дахлсизлик кафолатини беради деб ўйласа, қаттиқ адашади.
Ҳеч бир идора назоратдан четда қолмайди. Комплаенс хизматларининг ишига ҳар қандай тўсиқ коррупцияда иштирок сифатида баҳоланади", деди Мирзиёев.
Ушбу чоралар ижросини Президент Администрацияси ҳузуридаги комплаенс хизмати назорат қилади. У порахўрлик ҳолатлари ҳақида давлат раҳбарига дарҳол хабар беради, бу ҳолатларда иштирокчиларнинг мақоми ва аввалги хизматлари инобатга олинмайди.