Ўзбекистондаги миллий байрамлар маънавий мазмун билан бойитилади
Ўзбекистонда миллий байрамларни ўтказиш жараёнига ғоявий ҳамда маънавий жиҳатдан янада кучли мазмун бериш режалаштирилмоқда. Ҳукумат томонидан маъқулланган тегишли қарорга кўра, ҳар бир байрам учун алоҳида услубий қўлланмалар ишлаб чиқилади. Бу ҳақда kursiv.uz беради.
Ҳужжатда қайд этилишича, мамлакатда 50 дан ортиқ умумхалқ байрамлари нишонланади. Шу муносабат билан ҳар бир сана учун ўзига хос мусиқий оҳанглар, безаклар ва байрамона дизайн ечимлари тайёрланиши кўзда тутилган.
Байрам тадбирлари доирасида интерактив учрашув ва чиқишлар ташкил этилиб, уларда ютуқларга эришган ёшлар намуна сифатида тақдим этилади. Шунингдек, “Энг иқтидорли ёш” акцияси-шоуси каби лойиҳалар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, республикада байрам тадбирларига бағишланган китоблар тайёрланиб нашр этилади. Улар орасида “Ўзбекистон байрамлари” номли тўплам ҳам бўлиши кутилмоқда.