НДС тушумлари қайта тақсимланади: ҳудудларга кўпроқ, Тошкентга камроқ
Келаси йил бошидан бошлаб НДС тушумларининг 5 фоизи Тошкент шаҳар бюджетига, 20 фоизи эса бошқа ҳудудлар бюджетларига йўналтирилади. Бу бўйича фармон 26 декабр куни имзоланди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Маҳаллий бюджетлар НДСдан ташқари фойда солиғи, бензин ва дизел ёқилғисига акциз йиғимлари ҳамда давлат божлари ҳисобига ҳам тўлдирилади. Шунингдек, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларига, жумладан умумий овқатланиш шохобчаларида алкоголь маҳсулотлари савдоси учун йиғим ставкаларини 20 фоизгача ошириш ҳуқуқи берилади. Ушбу тушумларнинг барчаси маҳаллий бюджетларда қолади.
Бундан ташқари, молиялаштиришнинг қўшимча манбаси сифатида даромадларнинг бир қисми жойларга берилади. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ерларини тўғридан-тўғри ижарага беришдан тушадиган маблағлар туман ва шаҳарлар бюджетларига йўналтирилади.
Деҳқон бозорлари, ихтисослашган ва буюм бозорлари фаолиятидан олинадиган солиқлар ҳам уларнинг жойлашган ҳудудидаги туман ва шаҳар бюджетларига тушади. Мазкур маблағлар бозорларни ривожлантириш ва маҳаллалардаги инфратузилмани яхшилашга сарфланиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, келаси йилдан бошлаб ҳудудий ва шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджетларнинг бўш маблағларини тижорат банкларида депозитга жойлаштириб, аукционлар орқали қўшимча даромад олиш имкониятига эга бўлади.