Янги Зеландияда мўъжиза: Дельфинлар одамларни ҳимоя қилди
Дельфинлар сузувчи ва унинг қизини улкан оқ акула ҳужумидан қутқариб қолди.
Британиялик сузувчи Роб Хой Янги Зеландиянинг Шимолий ороли қирғоқларида қизи билан сузаётган вақтида ажойиб ҳодисага дуч келди. Тинчгина сузиш жараёни бир лаҳзада ҳаяжонли қутқарув операциясига айланди.
Кутилмаганда дельфинлар тўдаси пайдо бўлиб, ота ва қизни қаттиқ ҳалқага олди ва уларни марказ томон ҳайдай бошлади. Роб бир неча бор ҳалқадан чиқиб кетишга ҳаракат қилди, аммо иккита дельфин уни қайта-қайта орқага қайтарди. Улар гўёки кўринмас хавфдан одамларни ҳимоя қилаётгандек эди.
Тез орада бунинг сабаби маълум бўлди: ҳудудга тахминан уч метрлик улкан оқ акула яқинлашиб келаётган эди. Шу пайтда дельфинларнинг ҳаракати кескин ўзгарди. Улар думлари билан сувни уриб, тез ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар билан акулани қўрқитишга ва ҳайдаб юборишга уриндилар.
Дельфинлар деярли қирқ дақиқа давомида Роб ва унинг қизи атрофида ҳимоя ҳалқасини ушлаб турдилар. Акула ортга чекинмагунча, улар одамларга кетишга рухсат беришмади. Фақат хавф бартараф этилгандан кейингина дельфинлар йўлни очиб, ота ва қизнинг қирғоққа чиқишига имкон берди.
Ушбу ҳодисани қутқарувчи ва соҳилдаги бир нечта гувоҳлар кузатиб турди. Бу воқеа дельфинларнинг инсонларни акула ҳужумидан ҳимоя қилиш бўйича кўрсатган ноёб ҳатти-ҳаракатлари тарихига яна бир далил бўлиб қўшилди.