Янги йил байрамида метро қандай ишлайди? Тошкент метроси ҳаракат жадвалини эълон қилди
Янги йил байрами муносабати билан пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига қулайлик яратиш мақсадида «Тошкент метрополитени» ДУК метро ҳаракати режимига вақтинчалик ўзгартишлар киритишини маълум қилди.
Хусусан, байрам кечасида фуқароларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш учун метро поездлари 31 декабрь куни соат 05:00 дан 1 январь куни соат 01:00 га қадар узлуксиз равишда хизмат кўрсатади. Бу эса Янги йилни шаҳар бўйлаб бемалол нишонлаш имконини беради.
Шунингдек, байрам муносабати билан белгиланган қўшимча дам олиш кунларида поездлар ҳаракати қуйидаги тартибда амалга оширилади:
-
2025 йил 31 декабрь ва 2026 йил 2 январь кунлари — метро поездлари шанба куни учун тасдиқланган жадвал асосида ҳаракатланади;
-
2026 йил 1 январь куни — поездлар якшанба куни жадвали бўйича қатнайди.
Маълум қилинишича, 5 январь — душанба куни барча учун иш куни ҳисобланади ва ушбу санада метро ҳаракати одатий иш кунлари жадвали асосида ташкил этилади.
Йўловчилардан байрам кунларида белгиланган жадвални инобатга олган ҳолда ҳаракат режасини олдиндан белгилаш сўралади.