“Олтин Ҳумо – 2025” миллий кино тақдимотида кимлар ғолиб бўлди?
2019 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Олтин Ҳумо” миллий кино тақдимоти бу йил ҳам ўзбек кинематографияси учун муҳим воқеага айланди. Маросимда кино ривожига ҳисса қўшган устоз санъаткорлар ва йил давомида энг яхши деб топилган фильмлар ҳамда ижодкорлар муносиб тақдирланди.
Дастлаб “Ўзбек кинематографияси ривожига қўшган ҳиссаси учун” махсус мукофотлар топширилди. Ушбу эътирофга:
- Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова,
- кинобастакор Мирҳалил Маҳмудов,
- санъатшунос олима, профессор Сабоҳат Ҳайитматова,
- “Шуҳрат” медали соҳиби, грим рассоми Бахтиёр Темиров сазовор бўлди.
Шундан сўнг “Олтин Ҳумо – 2025” номинациялари бўйича ғолиблар эълон қилинди. Энг яхши ҳужжатли фильм деб Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Оқ олтин балоси” картинаси топилди. Анимация йўналишида “Ақлли қизалоқ” филми ва унинг муаллифи Азизбек Муҳаммедов ғолиб бўлди.
Техник ва ижодий йўналишларда ҳам кучли ишлар эътироф этилди. “Баҳорни қувиб” филми овоз режиссёрлиги ва сценарий бўйича юқори баҳоланди. Актёрлик йўналишида Юлдуз Ражабова ва Улуғбек Муҳаммадкаримов энг яхши роллар учун мукофотланди.
Тақдимот якунида “Махтумқули фироғий” филми йилнинг энг яхши филми деб топилди. Шу тариқа, “Олтин Ҳумо – 2025” ўзбек киносида ижод, меҳнат ва профессионал ёндашув тантанаси бўлган ёрқин кеча сифатида ёдда қолди.