Ўзбекистонда уй-жой қурилиши суръати бир йилда 16 фоизга кўпайди
CMWP Uzbekistan ҳисоботига кўра, 2025 йил давомида Ўзбекистонда 2,17 млн квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди. Бу кўрсаткич йилма-йил ҳисобда 16 фоизга ошган. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Қурувчилар фаоллигининг асосий қисми “эконом”, “комфорт” ва “комфорт+” тоифаларига тўғри келди: мазкур сегментлар бозорнинг 85 фоизини, яъни 1,79 млн квадрат метрни эгаллади. Шу билан бирга, давлатга қарашли қурувчилар бозорда фаолроқ пайдо бўлаётгани сабаб ушбу тоифаларда рақобат кучаймоқда.
Бизнес-класс сегментида 2025 йилда қарийб 327 минг квадрат метр уй-жой қурилди. Таққослаш учун, 2024 йилда бу кўрсаткич 472 минг квадрат метрдан юқори бўлган. Ҳисоботда қайд этилишича, қурувчилар янги объектларни аввалгидек тез-тез бошлашдан кўра, босқичма-босқич амалга ошириладиган йирик лойиҳаларга кўпроқ эътибор қаратмоқда.
CMWP Uzbekistan баҳосига кўра, бу ёндашув яқин йилларда ҳам сақланиб қолади: бозор катта саноат ҳудудларини ўзлаштириш ва уларни комплекс тарзда қайта қуриш ҳисобига кенгаяди.
Премиум сегментда 2025 йилда янги лойиҳалар старт олмаган бўлса-да, қурилиш ишлари давом этмоқда. Ҳозир Тошкентда премиум тоифадаги олти турар жой мажмуаси бунёд этилмоқда. Марказий ҳудудларда янги участкалар пайдо бўлаётгани ҳамда сўнгги йилларда премиум уй-жойга талаб шакллангани сабабли девелоперларнинг бу йўналишга қизиқиши ортиб бормоқда.
Нархлар бўйича, эконом ва комфорт сегментларида 1 квадрат метрнинг ўртача қиймати 1,1 минг долларгачa, бизнес-классда 2,2 минг долларгачa, премиум тоифада эса 3,3 минг долларгачa баҳоланмоқда.