Yandex Go таксилари Тошкент аэропортида учиб келиш залигача кира олади
Тошкент халқаро аэропортида Yandex Go ҳайдовчиларига энди учиб келиш зали чиқиш қисмигача, биринчи қатордан келиб тўхташга рухсат берилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар қилди.
Yandex Go билан бир қаторда Taxi Millennium, Let’s Trip, Uzviptranservice, Sixt ҳамда Taxi Airport Tashkent хизматлари ҳам ушбу ҳудудга кириш ҳуқуқини олди. Мазкур расмий такси сервисларига пойтахт аэропорти олдида 20 дақиқа бепул кутиш имконияти берилади.
Uzbekistan Airports маълумотига кўра, расмий таксилarga буюртма бериш учун учиб келиш залида ягона диспетчерлик хизмати иш бошлаган. Yandex Go таксиcига эса одатдагидек мобил илова орқали буюртма қилинади.
Бошқа такси хизматлари ва шахсий автомобиллар учун иккинчи йўлак ажратилган. У ерда тўхташ 10 дақиқагача рухсат этилади, тартибни эса ИИВнинг автоматик видеокузатув тизими назорат қилади.